Тошкент шаҳрида 28 февраль куни Савдо-саноат бўйича Ўзбекистон – Буюк Британия кенгашининг 24-мажлиси ташкил этилди.
Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида ўказилган тадбирда мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, ишбилармон доира вакиллари, Буюк Британия Бош вазирининг савдо масалалари бўйича махсус вакили, баронесса Эмма Николсон бошчилигидаги 60 дан зиёд компания вакиллари иштирок этди.
Мажлисда Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки вакиллари қатнашди.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Элёр Ғаниев мамлакатимизда сўнгги йилларда инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, эркин бозор иқтисодиётига ўтишга қаратилган изчил ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлади.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бундан кейин ҳам изчил давом этади, – деди Э.Ғаниев. – Бу борадаги саъй-ҳаракатлар эркин бозор иқтисодиётини қатъий қўллаб-қувватлаш ва мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини яратишдаги интилишларда ҳам намоён.
Савдо-саноат бўйича Ўзбекистон – Буюк Британия кенгаши икки томонлама келишувга кўра, 1994 йилда ташкил этилган. Мамлакатларимиз ўртасида савдо-инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришда ушбу кенгаш муҳим ўрин тутади. Кенгашнинг бу галги мажлисида Буюк Британиядан 100 дан зиёд ишбилармон қатнашгани хорижий инвесторларнинг мамлакатимизга бўлган ишончи мустаҳкамланиб бораётганидан далолат.
Тадбирда Буюк Британия Бош вазирининг савдо масалалари бўйича махсус вакили, баронесса Эмма Николсон Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш истагида бўлган британиялик инвесторлар сони кўпаяётганини, бу таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик ва савдо муносабатларини янада ривожлантириш имконини беришини қайд этди. Буюк Британия томони Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди.
– Давлатларимиз ўртасида яқин шериклик муносабатлари ўрнатилган, – деди баронесса Эмма Николсон. – Сўнгги икки йилда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ўзаро муносабатлардаги яқинликни янада кучайтирмоқда. Ўзбекистон мамлакат имижини мустаҳкамлаш сари одимламоқда, халқаро рейтингларда Ўзбекистон «BB-» даражада қайд этилмоқда. Буларнинг бари юртингизда макроиқтисодий барқарорлик ва ривожланиш истиқболларини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар натижасидир.
Анжуман шуъба мажлисларида давом этди. Унда инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги имкониятлари, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари, Ўзбекистонда лойиҳаларни молиялаштириш каби масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Савдо-саноат бўйича Ўзбекистон – Буюк Британия кенгаши мажлиси доирасида мамлакатимизда Президент мактаблари, халқаро стандартларга мос олий таълим муассасасини ташкил этиш, шунингдек, Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган мажмуа, кўп тармоқли “London Clinic” шифохонасини бунёд этиш бўйича икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирокида “G2G”, “G2B”, “B2B” форматидаги музокаралар ўтказилди.
Малоҳат ҲУСАНОВА, ЎзА мухбири