Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади. Давлатимиз раҳбари илгари сурган бу тамойил мазкур корхона фаолияти мисолида яққол кўзга ташланади.
Бу ерда турли бичим ва рангдаги сочиқлар, катталар ва болаларга мўлжалланган халат, чойшаб каби 100 дан зиёд турдаги импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрланмоқда. Маҳсулотнинг асосий қисми Россия, Молдавия, Украина, Болгария ва қўшни давлатларга экспорт қилинаётир.
Корхонанинг Риштон ва Янгиқўрғон туманларида 1 тадан, Наманган шаҳрида 3 та ишлаб чиқариш цехи бор. Уларда меҳнат қилаётган 2 мингдан зиёд ишчи томонидан 2018 йилда 290 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 9,4 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди. Жорий йилда экспорт кўламини 3 баробарга ошириш режалаштирилган.
Корхонада тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш комплекси ишга туширилиши билан яна 1000 га яқин иш ўрни яратилди, экспорт ҳажми ҳам ортди.
“Art Soft Tex Group” бугунги кунда кластер усулида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. Айни пайтда вилоятнинг Мингбулоқ, Поп туманларида пахта ва ғалла учун экин ер майдони ажратилган. Корхона қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олган. Тез орада машина-трактор парки қурилади.
Президентимиз корхонанинг келгуси режалари билан танишди. Яқин келажакда иссиқхона, чорва, фермер хўжаликлари, омухта ем, ёғ ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Иккита пахта тозалаш заводи, пахта чигитини чуқур қайта ишлаш ва сифатли уруғ етиштириш, дон маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари иш бошлайди.
Давлатимиз раҳбари бу ерда ишлаб чиқариш қувватини илғор тажрибалар орқали ривожлантириш юзасидан кўрсатмалар берди.
Кластер усулида тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш керак. Бунинг учун барча шароитларни яратиб берамиз. Имкониятимиз ҳам етарли, фақат ундан мақсадли фойдаланиш зарур, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ернинг ўзида вилоятда паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик, асаларичилик, қуёнчилик, интенсив боғдорчилик, ирригация ва мелиоратив тадбирларни амалга ошириш, захирадаги ерларни фойдаланишга киритиш, ер ва кадастр тизимида янги инновацион ишланмаларни қўллашга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Малайзиянинг “Kai shing food” компанияси билан ҳамкорликда Чуст туманида паррандачилик кластери ташкил этиш кўзда тутилган. Тўлиқ хорижий инвестиция асосида йўлга қўйиладиган лойиҳа 2020 йилда иш бошлайди. Товуқ гўшти, товуқ эссенцияси Европа, Араб, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари, Хитойга экспорт қилинади.
Поп туманида наслли эчки етиштириш, эчки жунини қайта ишлаш кластери, қўй ва йилқичилик лойиҳаси, Учқўрғон туманида амалга ошириладиган наслли қорамоллар ва сутчилик кластери ҳам истиқболли режалардандир.
Вилоятда 35 минг 158 гектар захирадаги қишлоқ хўжалиги ерлари мавжуд. Режага кўра, жорий йилда 18 минг 764 гектар ер майдони фойдаланишга киритилади. Бу ерларга озуқа, савзабот, полиз экинлари экилади, тутзор, узумзор, боғлар барпо этилади.
Яна бир лойиҳада ер ва кадастр тизимида янги инновацияларни жорий қилиш бўйича маълумот берилди. Янги тизим блокчейн усулида қўлланилади. Инновацион таклифларга кўра, бу тизим орқали объектни рўйхатга олишда шаффофликни ошириш, портал орқали ер ажратиш назарда тутилмоқда. Шу тариқа электрон кадастр паспортини олиш муддати 50 кундан 2 кунга тушади, “Doing business” рейтингида кучли 30 таликка кириш имконияти юзага келади, кадастр йиғма жилдидан “ақлли карта”га ўтилади.
Давлатимиз раҳбари бу каби истиқболли лойиҳаларни имкон қадар тезроқ ишга тушириб, аҳолини иш билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Улуғбек Асроров, ЎзА