Профессионал боксда ғолибона одимлаётган юртдошимиз, Рио олимпиадаси чемпиони Шаҳрам Ғиёсов шанба оқшомида фаолиятидаги еттинчи жангини ўтказади.
23 февраль оқшомида (бизда 24 февраль тонгига тўғри келади) у Мексиканинг Тихуана шаҳрида ўтказиладиган жангда мексикалик боксчи Эдгар Пуэртога қарши рингга кўтарилади.
Таъкидлаш керак, Шаҳрам шу кунгача профессионал боксда 6та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Олимпия чемпиони ана шу жангларнинг бештасини муддатидан олдин ўз фойдасига ҳал этгани ҳам таҳсинга лойиқ.
Тажрибали Эдгар Пуэрто эса шу кунгача проф рингда 37та жанг ўтказган ва шулардан 25тасида ғалаба қозонган (шундан 19тасини нокаут билан). Ўз навбатида Пуэрто 11та жангида мағлубият аламини ҳам тортиб кўрган, 5 маротаба нокаутуга учраган ва битта жангда дурангга эришган.
Бўлажак жангда қозониладиган ғалаба Ғиёсовни жаҳон рейтингида янада юқорилашини ва чемпионлик камарига даъвогарлар сафидан жой олишини таъминлайди.
ЎзА