​RECCA VIII вазирлар учрашувига бағишланган мувофиқлаштирувчи йиғилиш бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 3 февраль куни Қобул шаҳрида 20 дан ортиқ давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳамда қатор халқаро ташкилот вакиллари иштирокида Афғонистон бўйича саккизинчи минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференциясининг (RECCA VIII) биринчи мувофиқлаштирувчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, йиғилишда Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббоний нутқ сўзлаб,
Ўзбекистоннинг Афғонистон йўналишидаги ташаббусларига юқори баҳо берди. Ушбу ташаббусларни RECCA доирасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларига тўлиқ мос келишини ва мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Афғонистон ТИВ раҳбари мамлакатимиз ҳукумати таклифига биноан RECCА VIII вазирлар конференциясини 2019 йилнинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида ўтказилишини эълон қилди.
Жорий йилнинг 12 январь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ҳиндистон-Марказий Осиё” мулоқотининг Афғонистон иштирокидаги биринчи вазирлар йиғилиши ҳақида сўзлай туриб, Салоҳуддин Раббоний “Афғонистон ҳамма нарсадан ҳам кўпроқ барқарорликка муҳтож. Самарқанддаги учрашув эса мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилиш учун муҳим платформа вазифасини ўтади”, дея қайд этди.
Музокараларда RECCA VIII вазирлар учрашувига тайёргарлик кўриш масалалари қатори йиғилиш кун тартибидаги қатор масалалар муҳокама қилинди.
Мувофиқлаштирувчи йиғилиш қатнашчилари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган конференциянинг юқори даражада ўтишига умид билдиришди.
Шунингдек, йиғилиш доирасида Афғонистон пойтахтида жойлашган RECCА тадқиқот ва таҳлил марказининг расмий очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

 

ЎзА