Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги ҳамкорлик

5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатимизга амалий ташриф билан келган БМТ Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили, БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш бўйича миссияси (UNAMA) раҳбари Тадамичи Ямамото билан учрашди.
Ташқи ишлар вазирлиги хабарида қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон билан UNAMA ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги ҳамкорлик алоқаларининг асосий йўналишлари бўйича фикр алмашилди.
Суҳбат чоғида Тадамичи Ямамото Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, уни ижтимоий-иқтисодий тиклаш, ҳудуд инфраструктурасини яхшилаш ҳамда мамлакатни минтақавий ҳамкорликка жалб қилишда мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Абдулазиз Комилов ўз навбатида Ўзбекистон томоннинг тинчлик жараёнининг ҳар қандай босқичида мамлакат ҳудудида Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни ўтказиш учун барча зарур шароитларни яратиб беришга тайёр эканлигини маълум қилди.
Музокараларда халқаро терроризм, уюшган трансмиллий жиноятчилик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний савдосидан келиб чиқаётган жиддий таҳдидлар ва хавф-хатарларга қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлашда томонлар манфаатдор эканлиги қайд этилди.
Учрашув доирасида, шунингдек, кун тартибидаги бошқа қатор масалалар муҳокама қилинди.​​

 

ЎзА