2019 йил 17 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур фармон асосида Халқ қабулхоналарининг маҳаллалар ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросини назорат қилишда иштирок этиши бундай ҳужжатларда мурожаатларда кўтарилган муаммолар кенгроқ акс эттирилиши учун пухта замин яратади.
Ҳар доим эътиборимиз марказида бўлиб келаётган долзарб масала – ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига кўмаклашиш масаласи бўйича фармонда тегишли вазифалар белгилаб берилган. Бундан буён давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мазкур йўналишдаги ишларини мувофиқлаштириш Халқ қабулхоналари томонидан амалга оширилади.
Бундай кенг кўламли вазифаларни бажарилишини таъминлаш учун Халқ қабулхоналарига бир қанча имкониятлар ҳам берилмоқда. Масалан, Халқ қабулхоналари секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, мурожаатлар билан ишлаш, ижтимоий ва бошқа объектларда аниқланган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги фаолиятини тизимли ўрганиш, кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, шунингдек, секторлар фаолиятини баҳолашда иштирок этади.
Халқ қабулхоналарига секторлар штаби таркибига киритилган давлат органлари ҳудудий бўлинмаларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун уларни лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортиш бўйича юқори турувчи давлат органларига таклиф киритиш ҳуқуқи ҳам берилмоқда.
Шулар қаторида давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан фаолият учун зарур бўлган ахборот ҳамда ҳужжатларни сўраш ва олиш, уларнинг мутахассисларини жалб қилиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан улар фаолияти ва кўрсатадиган хизматларига оид тартиб-қоидаларнинг аҳолига тўлиқ ва тезкор етказилишини таъминлашга қаратилган чоралар кўриш ҳуқуқи берилди.
ЎзА