14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Армиямиз – фахримиз
Самарқандда “Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида “Менинг армиям – менинг фахрим” фестивали ўтказилди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Миллий гвардия вилоят бўлими ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ҳарбий қисм ва муассасалар хизматчилари, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар бошқармалари ходимлари, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти мактаблари тингловчилари, талаба ва ўқувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Фестиваль ҳарбий техникалар, ҳарбий хизматчиларнинг сафда юриши намойиши билан бошланди. Миллий гвардия ходимлари ва ҳарбий қисмлар хизматчиларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Кўксарой майдонида ташкил этилган ҳарбий-техника воситалари, қурол-аслаҳалар кўргазмаси, ҳарбий дала ошхонаси ва ҳарбий дала тиббиёт пункти фаолиятини ҳам иштирокчилар катта қизиқиш билан кузатди. Айниқса, ёшлар аскарлар, курсантлар ва офицерлар билан дилдан суҳбатлашиб, уларни байрам билан табриклади.
Фестиваль доирасида марафон ўтказилиб, унда турли ёшдаги 2 мингга яқин иштирокчи қатнашди. Улар Регистон майдони олдидан старт олиб, Университет хиёбонидаги финиш чизиғини босиб ўтди. Марафон ғолиблари ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони А.Саидов иштирок этди.
Ғ.Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА