Америка Қўшма Штатларининг ойига 4,2 миллионлик аудиторияга эга «Real Clear World» нашрида шундай сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унинг муаллифи – нашр шарҳловчиси ва «Corsair LLC» консалтинг компаниясининг бошқарувчи директори Жеймс Дурсо.
Мақолада қайд этилишича, 2016 йилнинг 4 декабридан, яъни Шавкат Мирзиёев мамлакат Президенти этиб сайланган кундан бошлаб Ўзбекистон ўз тараққиётида янги босқичга қадам қўйди. Бунгача 13 йил давомида Бош вазир лавозимида фаолият юритган янги Президент қўшни мамлакатлар билан чегара ва сув ресурслари билан боғлиқ баҳсли ҳолатларга ечим топиш, миллий валюта конвертациясини таъминлаш, инсон ҳуқуқларига риоя этиш, Ғарб оммавий ахборот воситалари ва ноҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш каби масалаларни ҳал қилишга фаол киришди. Ўзбекистон раҳбари қўшни мамлакатлар, узоқ ва яқин хориж давлатлари, жумладан, Россия, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликни жадал кенгайтирмоқда.
Экспертнинг фикрича, Ўзбекистонда рўй берган муҳим ички ўзгаришлар қаторида ўқитувчилар ва соғлиқни сақлаш ходимларини пахта йиғим-теримига жалб қилиш тақиқланганини қайд этиш мумкин. Бу борадаги ишларнинг давом эттирилиши Ўзбекистон пахтасини ташқи бозорда сотиш кўламини кенгайтириш имконини беради, деб ҳисоблайди америкалик шарҳловчи.
Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбарияти экспортчилар хориж валютасида олган даромадларининг 25 фоизини мажбурий сотиш амалиётини бекор қилди. Мамлакат фуқаролари чет эл валютасини банкдан сотиб олиш ва сотиш имкониятига эга бўлди. Бу чора-тадбирлар савдо-сотиқни енгиллаштириш ва коррупцияни камайтиришга хизмат қилади. Ушбу янгиланишлар тезкорлик билан амалга оширилгани кўплаб молиячиларни ҳайратга солди, деб таъкидлайди Ж.Дурсо.
Муаллиф, шунингдек, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мамлакатда экстремизм ғояларига мойил бўлган шахслар «қора рўйхат»дан чиқарилаётганини (17 мингдан 16 минг нафари) қайд этади. Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларидан бирида «Ҳаётда билиб-билмай адашган одамларни тўғри йўлга солиш, кечиримли бўлиш, уларни соғлом ҳаётга қайтариш масалалари ҳам диққат марказимизда турибди», деб таъкидлади. Бундай одамларни ишга жойлаштириш ва дин арбобларининг улар билан доимий мулоқотини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Мақолада таъкидланганидек, 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистонда хорижга чиқиш визалари бекор қилинади. Бу аҳолининг иқтисодий имкониятлари ва эркинлиги даражасини оширади. Фарғона водийсида «Дўстлик» ва Қозоғистонда «Мақтарал» чегара пунктларининг очилиши одамларнинг ҳаракати ва ўзаро савдо-сотиқ кенгайишига хизмат қилади.
Жеймс Дурсонинг ёзишича, халқаро ташкилотлар, ноҳукумат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари Ўзбекистондаги фаолиятини қайта тиклашга интилмоқда ва ҳукуматни ислоҳотларни давом эттиришга чақирмоқда. Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн билан учрашув чоғида бу борадаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди. Мамлакатда «Би-Би-Си» офисини очиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Яқинда «Хьюман Райтс Вотч» вакиллари Ўзбекистонда бўлди, Европа Тикланиш ва тараққиёт банки мамлакатга яна кредит ажрата бошлади.
Америкалик эксперт Шавкат Мирзиёев қўшнилар билан муносабатларни жадал яхшилаб бораётганини қайд этади. Давлат раҳбари жорий йил сентябрь ойида БМТ минбаридан туриб «Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратмоқда», деб таъкидлади.
Шавкат Мирзиёевнинг Президент сифатида хорижга илк ташрифини Туркманистонга амалга оширгани чуқур маънога эга. Ўзбекистон раҳбари Қозоғистонга бир неча бор ташриф уюштириб, чегарадан ўтиш йўлларини қайта тиклаш ҳамда Олмаота ва Тошкент ўртасида тезюрар йўловчи поезд ҳаракатини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон Қирғизистон билан чегараларни делимитация қилиш тўғрисида битим имзолади. Тошкент ҳатто Норин дарёсида гидроэлектрстанция қуришда қўшни давлатга ёрдам беришга рози бўлди. Фарғона водийсидаги назорат-ўтказиш пунктлари ишининг қайта тиклангани ва икки мамлакат аҳолиси ҳаракатланиши учун енгилликлар яратилгани ҳам Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка яқинда амалга оширган ташрифининг муҳим натижалари бўлди.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларда Роғун ГЭСига доир муаммолар томонларнинг эксперт музокаралари ўтказишдан манфаатдор эканлиги тўғрисидаги фикрлар билан алмашди. Бу давлат раҳбарлари ўртасида ўзаро англашув пайдо бўлишига хизмат қилмоқда. Апрель ойида икки мамлакат ўртасида ҳаво транспорти ҳаракати қайта тикланди, савдо-сотиқ жадаллашмоқда. Тошкент Душанбе билан чегарага доир баҳсларни ҳал қилишга киришади, бу минтақавий савдо ҳажмини оширишга хизмат қилади, деган тахминни илгари суради шарҳловчи.
Ўзбекистоннинг Россия билан ҳамкорлиги тўғрисида сўз юритар экан, Жеймс Дурсо иқтисодий ҳамкорликдан ва экстремизмга қарши биргаликда курашишдан икки давлат ҳам бирдек манфаатдор эканини қайд этади. Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштирар экан инвестицияларга муҳтож, бу борада унга Россия ёрдам бериши мумкин, деб таъкидланади мақолада. Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путиннинг жорий йил апрель ойида Москвада бўлиб ўтган музокаралари якунида Россия Федерацияси Ўзбекистонга 12 миллиард доллар инвестиция киритиш мажбуриятини олди ва 3,8 миллиард долларлик савдо келишувларини имзолади. Томонлар трансчегаравий таҳдидларга қарши курашиш мақсадида ҳарбий ўқув машғулотларини ўтказишга келишиб олдилар.
Жеймс Дурсо Хитой ҳам Ўзбекистон инфратузилмасига фаол инвестиция киритаётганини таъкидлайди. Пекин яқинда қиймати 20 миллиард доллардан зиёд қўшма лойиҳаларни амалга оширишни маъқуллади. Шунингдек, Пекин Ўзбекистонда инвестиция муҳити яхшиланишидан ва Тошкентга экстремизмга қарши курашишда кўмаклашишдан манфаатдор.
Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистон АҚШнинг Афғонистонга нисбатан қизиқиши ортаётганидан фойдаланиши мумкин. Тошкент Вашингтонга Ўзбекистондаги транзит ва эксплуатация инфратузилмасини таклиф этиши мумкин. Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ билан ҳамкорликка тайёрлиги Дональд Трампнинг приниципиал жиҳатдан реалистик қарашлари билан уйғунликда Ўзбекистон иқтисодиёти тараққиёти учун зарур бўлган сиёсий макон яратиши мумкин.