Соҳанинг фаоллашиб бораётганида уларни қўллаб-қувватлаш, тўлақонли фаолият юритиши учун зарур шароит яратилаётгани муҳим ўрин тутмоқда.
Айни пайтда мамлакатимизда турли соҳаларда 9,7 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти ва 2,2 мингдан зиёд диний ташкилот, 1,5 мингдан кўпроқ оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда.
Соҳанинг фаоллашиб бораётганида уларни қўллаб-қувватлаш, тўлақонли фаолият юритиши учун зарур шароит яратилаётгани муҳим ўрин тутмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ННТлар фаолияти билан боғлиқ 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Адлия вазирлигида нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишлаб ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, ННТ ва турли конфессиядаги диний ташкилотлар вакиллари, хорижий ННТлар ваколатхоналарининг чет эллик ходимлари иштирок этди.
Қайд этилганидек, ННТ пенсионер ходимларига пенсия уларнинг мазкур ташкилотлардаги фаолияти ягона иш жойи бўлган тақдирда тўлиқ тўланади. “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари” ташкил этилди. Меҳнатга ҳақ тўлаш фондини тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган келиб тушган маблағлар ҳисобидан шакллантирувчи ННТ учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 15 фоизга тушурилди. Жамоат фонди маъмурий харажатларининг йиллик умумий суммаси фонднинг барча харажатлари суммасининг 30 фоизидан ошмаслиги кераклиги белгиланди.
ННТнинг чет эл фуқаролари бўлган ходимлари аккредитация карточкасининг янги шакли тасдиқланди. Яъни аккредитация карточкасининг ҳимояланганлик даражаси янада оширилди.
Адлия вазирлиги ҳузурида 17 кишилик ННТ вакиллари, вазирлик фахрийлари ва юридик фанлари докторидан иборат Жамоатчилик кенгаши тузилди. “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони тасдиқланди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази, Олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактаби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилиши ҳамда мамлакатимиз довруғини жаҳон миқёсида кенг ёйиш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган шахсларни рағбатлантириш мақсадида “Имом Бухорий” давлат мукофоти таъсис этилиши белгиланди.
Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби соддалаштирилди, рўйхатдан ўтказишда тўланадиган давлат божи 5 марта камайтирилди.
Анжуманда иштирокчилар жойларда ташкил этилаётган ННТ уйлари, уларнинг ҳолати ва топширилишига доир масалалар, “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонини айнан қандай ҳолларда ва уларнинг қайси натижаларига қараб берилиши борасида ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олдилар.
Н.Абдураимова, ЎзА