Иккита янги ташкилот тузилади: уларнинг тузилишига эҳтиёж нимада?

Бугун жами 103 та давлат органлари ўзининг расмий веб-сайтига, 78 таси ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига эга. Бироқ уларнинг хавфсизлиги қанчалик таъминланган?
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг жорий этилишини назорат қилиш, уларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Мазкур ҳужжат тўғридан-тўғри давлат раҳбарига бўйсунадиган махсус мустақил орган мақомидаги Давлат инспекцияси ҳамда унинг таъсислигида “Техник кўмаклашиш маркази” ташкил этилишини назарда тутади.

Бугун биз ахборот технологиялари асрида яшаяпмиз. Дунёнинг бир нуқтасидан иккинчисига хабар юбориш учун қандайдир сониялар кифоя қилади. Ўтмишдаги хат ташувчи кабутарлар, мол ортган карвонлару чопарларнинг ўрнини босган Интернет, алоқа ва ахборот воситалари учун бугун ҳеч қандай тўсиқ ёки чегара йўқ. Бу бир томондан дунё аҳлини бир-бирига янада яқинлаштирган бўлса, иккинчи томондан аввал кузатилмаган янги таҳдидларни ҳам юзага чиқарди. Чунки очиқ эшикдан яхши ҳам, ёмон ҳам мўралаши бор гап. Гап шундаки, глобаллашув жараёнида, ахборот технологияларининг имкониятлари тобора ошиб бораётгани улардан кенг фойдаланишни чекламаган ҳолда, хавфсизликка катта эътибор қаратишни талаб қилмоқда. Дунёда кечаётган геосиёсий ўзгаришлар ва можароларга эътибор қаратадиган бўлсак ҳам, қарийб барчасида ахборотнинг ўрни ва иштироки борлигига гувоҳ бўламиз. Шундан келиб чиқиб, бугун дунёда энг қиммат маҳсулотлардан бири бўлган ахборотни сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб оладиган, махфийсини кўз-қорачиғидай асрайдиган, фойдалисини кенг ёядиган даврдамиз. Бунинг учун ана шу ишлар билан шуғулланадиган, вазиятни назорат қиладиган масъул ташкилот даркорлиги замон талабидир.
Президентнинг “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг жорий этилишини назорат қилиш, уларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан энди мамлакатимизда телекоммуникация, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини рўёбга чиқариб, назоратни янада такомиллаштиришга ҳамда ҳозирги амалиётда мавжуд муаммолар ечимига кенг йўл очилади. Соҳадаги ечимини кутаётган масалаларни эса қуйидаги ҳолатларда яққол кўришимиз мумкин:
даставвал, ахборотлаштириш субьектлари томонидан қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар ва давлат стандартларининг ижро этилиши устидан назорат ва текширишнинг амалдаги механизми замонавий талабларга мувофиқ эмас ва бу кўрсатилаётган хизматлар сифатининг пасайишига олиб келмоқда;
иккинчидан, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жорий этилаётган аппарат воситалари ва дастурий маҳсулотларни экспертиза ва сертификациядан ўтказиш тизимидаги камчиликлар уларнинг “Электрон ҳукумат” тизимига жадал интеграциялашувини сусайтирмоқда;
шунингдек, телекоммуникация, ахборот ва киберхавфсизлик соҳасидаги назорат тизими, муҳим ахборот инфратузилмасининг мукаммал эмаслиги давлат ахборот тизимлари объектлари, рақамли иқтисодиёт ва шахсий маълумотларнинг заифлашувига олиб келмоқда;
тўртинчидан, бузғунчи кучларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва Интернет тармоғидан фаол фойдаланиши аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг дунёқараши ва онгига салбий таъсир кўрсатмоқда;
ва ниҳоят, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва жорий қилиш бўйича тизимли ишларнинг мавжуд эмаслиги миллий ахборот маконини ҳимоя қилишнинг замонавий усулларини жорий қилиш имконини бермаяпти.
Демак, Президент қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича инспекция ҳамда вазирликнинг Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази тугатилади.
Уларнинг ўрнига, иккита янги ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ҳамда “Техник кўмаклашиш маркази” ДУК фаолияти йўлга қўйилади.
Бугун ахборот технологиялари соҳасида Интернет, телекоммуникация ва мобиль алоқа каби юзлаб хизмат турлари ва бошқа маҳсулотлар мавжуд-ки, уларни тартиб-қоидаларга мос равишда сифатли ишлаши, шу жумладан муаллифлик ҳуқуқларига амал қилиниши учун доимий назоратга эҳтиёж сезилади. Қолаверса, юртимизга кириб келаётган хорижий электрон ахборотдастурлари қаторида маҳаллий мутахассислар томонидан ишлаб чиқарилаётган электрон маҳсулотларнинг сафи ҳам тобора ошиб бормоқда. Янги ташкил этилаётган Давлат инспекцияси ана шу макондаги назоратни тўлиқ ўз қўлига олади, жараённи таҳлил қилиш, камчиликларни ўз вақтида бартараф қилиш каби вазифаларни бажаради.
Статистик маълумотларга кўра, 2018 йилда Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 20 млн.дан ошиб, ўтган йил билан солиштирганда 36 фоизга ўсган. Шунга мос равишда электрон маконда ўзининг интерактив хизмат ва ахборотларини таклиф этаётганлар ҳам кўпайиб бормоқда. Бугун жами 103 та давлат органлари ўзининг расмий веб-сайтига, 78 таси ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига эга. Бироқ уларнинг хавфсизлиги қанчалик таъминланган? Таҳлиллар ўтган даврда маҳаллий идоралараро ахборот ресурсларига хориж мамлакатлари ҳудудидан киберхуружлар сони ошганини кўрсатмоқда. Ана шу 13 111 553 та таҳдиднинг 832 995 таси давлат органлари ахборот базасини яроқсиз ҳолга келтириб қўйиш даражасида хавфли бўлгани аниқланган. Худди шунингдек, жорий йилнинг учинчи чорагида «.UZ» доменида жойлашган сайтларга ҳам 308 марта хуружлар уюштирилган. Шундан184 таси сайтларнинг бош саҳифасини ўзгартириш, 119 таси эса уларга бегона ахборотни жойлаштиришга уринишлар билан боғлиқ. Давлат инспекцияси таъсислигида очилаётган “Техник кўмаклашиш маркази” ана шу каби хуружларга қарши яхлит бир ҳимоя қўрғонини барпо эта оладиган ташкилот бўлади.
Марказ, шунингдек, ахборотлар маконидаги рухсатсиз ёхуд бузғунчи ҳаракатларни амалга оширишда фойдаланиладиган усуллар ва воситаларни таҳлил қилади, дастурий маҳсулотлар, ахборот-коммуникация технологиялари, телекоммуникация жиҳозлари ва бошқа техник воситаларни аттестация, экспертиза ва сертификациядан ўтказади, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари ва ресурслари ахборот хавфсизлиги сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда кўмаклашади. Интернет фойдаланувчиларини миллий сегментда пайдо бўлаётган таҳдидлар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилади.
Шундай қилиб Ўзбекистоннинг бу соҳада ҳам яъни ахборот технологияларини жорий этиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича жаҳон стандартларига мос бўлган фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган муҳим қарор қабул қилинди. Инчунин 21-асрга келиб ахборот энг қудратли воситага айланди-ки, куч билан ҳал бўлмаган ишларни бугун ахборот технологиялари бемалол бажара оладиган даражага етган. Шундай экан, бу йўналишда замондан ортда қолмай, юксалиш ва ривожланиш орқали биз мамлакатимизни иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан тараққий эттириш, жамиятни турли таҳдид ва хавфлардан муносиб муҳофаза қилиш имкониятига эга бўламиз.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги 
Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази билан 
ҳамкорликда тайёрланди

 

ЎзА