​Ахборот соҳасидаги таҳдидларга қарши курашишга тўсқинлик қилувчи муаммолар бор

Мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар ва ўзгаришларни самарали амалга оширишнинг муҳим шартларидан бири давлат ва жамият бошқаруви соҳасига замонавий ахборот-коммуникация тизимларини жорий этишдир.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 21 ноябрда “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг жорий этилишини назорат қилиш, уларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида шу каби устувор вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур ҳужжат ахборот соҳасида ягона давлат сиёсати рўёбга чиқарилишининг самарадорлигини ошириш, телекоммуникация, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги назорат тизимини янада такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилаётганига қарамасдан “Электрон ҳукумат” тизимининг жорий этилиши ва самарали фаолият кўрсатишига, ахборот соҳасидаги таҳдидларга қарши курашишга тўсқинлик қилувчи қатор муаммолар сақланиб қолмоқда.
Мавжуд муаммолар ахборотлаштириш субъектлари томонидан қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар ва давлат стандартларининг ижро этилиши устидан назорат ва текширишнинг амалдаги механизми замонавий талабларга мувофиқ эмаслиги кўрсатилаётган хизматлар сифатининг пасайишига ва ахборот хавфсизлиги соҳасидаги амалга оширилаётган ишларнинг самарасизлигига сабаб бўлмоқда.
Ахборот соҳасида ягона давлат сиёсати рўёбга чиқарилишининг самарадорлигини ошириш, телекоммуникация, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги назорат тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази тугатилиб, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг “Хавфсиз шаҳар” жамоат тартибига кўмаклашиш маркази ташкил этилади.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА