​Фортепианода опера ижро этган аскар имтиёз асосида консерваторияга қабул қилинади

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизонида бўлиб, ҳарбий хизматчиларга яратилган шароитлар билан танишгани ҳақида хабар берилганди. Шавкат Мирзиёев бу ерда турли йўналишлар бўйича ўтказилаётган машғулотлар жараёнини кўздан кечирган, ёшлар билан суҳбатлашган эди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, гарнизондаги ҳарбий қисмларнинг бирида йигитлик бурчини ўтаётган оддий аскар Жамшид Ҳимматов Президентимизга фортепианода жаҳон ва миллий мумтоз опералардан ижро этиб, барчанинг олқишига сазовор бўлган. Президентнинг топшириғига кўра, Жамшид Ҳимматов муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, Ўзбекистон давлат консерваториясига имтиёз асосида ўқишга қабул қилинадиган бўлди.
– Давлатимиз раҳбарининг биз хизмат қилаётган гарнизонга ташрифидан хабар топгач, у кишига фортепианода жаҳон ва миллий мумтоз опералардан ижро этиб бериш ташаббуси билан чиқдим. Бу фикримни командирларим, хизматдош дўстларим ҳам қўллаб-қувватлади ва мен орзуимга эришдим. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан менга билдирилган юксак ишончдан унумли фойдаланиб, келажакда Қуролли Кучларимиз ҳарбий оркестрида хизмат қилиш ниятим бор, – дейди Жамшид Ҳимматов.
Жамшид Ҳимматов 1998 йили Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида туғилган. 2017 йили Термиз санъат коллежида “Академик вокал артисти” йўналиши бўйича таҳсил олган. 2018 йили муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ва ҳозирда Нукус гарнизонида йигитлик бурчини ўтамоқда.

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА