Ноқонуний турар жой учун мулк ҳуқуқи берилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 20 апрелдаги фармонига кўра, ушбу фармон қабул қилинган вақтга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси ўтказилмоқда.
2019 йил 1 майгача давом этадиган мазкур тадбир фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ўзбошимчалик билан қурган турар жойларига эгалик ҳуқуқини олишларида муҳим аҳамиятга эга.
Самарқанд шаҳар ҳокимлигида ўтказилган тадбирда ушбу акция доирасида 40 нафар фуқарога шаҳар ҳокимнинг мулк ҳуқуқини эътироф этиш юзасидан қарорлари топширилди.
Тадбирда Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов, Самарқанд вилояти адлия бошқармаси бошлиғи А.Халилов, Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси масъул ходимлари умумдавлат акциясининг тартиб-қоидалари, бу жараёнда мутасадди идоралар ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида тушунча берди.
– Ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиблари юзасидан ўтказилаётган тадбирлар, тушунтириш ишлари натижасида ҳозиргача фуқаролардан 8 минг 801 ариза қабул қилинди, – дейди Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси масъул ходими А.Примов. – Ушбу аризалар тегишли тартибда кўриб чиқилиб, уларнинг 1 минг 139 таси бўйича мулк ҳуқуқини эътироф этиш юзасидан туман, шаҳар ҳокимларининг қарорлари қабул қилинди. 1 минг 440 та мурожаат рад этилди ва 4 минг 603 та ариза комиссия томонидан ўрганилмоқда.

 

Ғ.Ҳасанов, ЎзА​​