Бу ҳақдаги битим Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи“ Ҳамкорлик кенгашининг 14-йиғилишида иштирок этган Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Н. Жўраев ҳамда Марказий Осиё ва ЕИ ҳамкорлигини ривожлантириш департаменти директори Пьер Амилхат ўртасида имзоланди.
Беш йилга мўлжалланган грант битими давлат хизматлари кўрсатиш тизимини яхшилашга қаратилган қатор тадбирларни молиялаштиришни кўзда тутади. Хусусан, лойиҳада Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари ва Давлат хизматлари марказларини техник жиҳатдан жиҳозлаш, жумладан, сервер, компьютер, тармоқ, телекоммуникация ускуналари, электрон навбат тизими ва видеокузатув мосламаларини харид қилиш ҳам кўзда тутилган.
Шунингдек, бешта тажриба ҳудуди – Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятларида давлат хизматлари сифати ва тезкорлигини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, уларда инновация ғоялари ва ишланмалари марказларини ташкил қилиш режалаштирилмоқда.
Грант доирасида ихтисослашган давлат хизматлари веб-портали, мутасадди органлар ва давлат хизматлари марказлари ўртасида ахборот алмашиш, мобиль иловалар орқали онлайн тарзда давлат хизматлари кўрсатиш учун интеграциялашган маълумотлар базаси ташкил қилиш кўзда тутилмоқда.
Инновацион технологияларни жорий этиш доирасида мазкур битим блокчейн-технологиялари, Давлат хизматлари марказлари ходимлари фаолияти самарадорлигини режалаштириш ва баҳолашнинг замонавий усулларини жорий этишга қаратилган.
Шунингдек, Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги ходимларининг хорижий таълим муассасаларида малакасини ошириш бўйича ҳам ҳамкорликда қатор ишлар амалга оширилади.
ЎзА