Ўзбекистон ёшлари: ҳаётий қадриятлар, ахлоқ ва ижтимоий мақсадлар

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан навбатдаги сўров ўтказилди. Унга мамлакатимизнинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри аҳолиси қамраб олинди. 
Тадқиқот мавзуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонларининг ижросига бағишланди. Тадқиқот натижалари ўзбекистонлик ёшларнинг ҳаётий қадриятлари тизимида маълумот даражасини мунтазам ошириш истаги ортиб бораётганини кўрсатди. Бу – олий, ўрта ва ўрта махсус маълумотга эга ҳар иккинчи йигит-қиз, олий таълим муассасалари талабалари томонидан таъкидланди. Бу мамлакатда олиб борилаётган ёшлар сиёсатининг самарадорлиги, шунингдек, меҳнат бозоридаги таркибий ўзгаришларга жавоб берадиган тизимни яратиш долзарблиги, ёшлар орасида касбга йўналтириш сифати ошганлиги, бандликни таъминлаш ва манзилли ишга жойлаштириш учун яратилаётган шароитлардан далолат беради.
Сўров мамлакат ёшларида олий таълимнинг ижтимоий аҳамияти мунтазам юксалаётганлигини кўрсатди. Агар 2010 ва 2011 йилларда ёшларнинг учтасидан бири олий маълумот олишни хоҳлаган бўлса, бу кўрсаткич 2016 йилда 56,8 фоиз, 2017 йилда 62,7 фоиз, 2018 йилда 65,6 фоизга ўсди. Ёшлар фан ва педагогика, бизнес, хизматлар ва ишлаб чиқариш, тиббиёт соҳалари бўйича олий маълумот олишни мақбул соҳалар сифатида эътироф этди.
Ёшлар томонидан хорижий тилларни ўрганишни яхшилаш бўйича давлат томонидан ўз вақтида қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг аҳамияти муҳимлиги қайд этилди.
Сўров ўзбекистонлик ёшларнинг аввалгидек хизмат пиллапоясидан кўтарилишга бўлган интилишидан далолат берди. Шундай қилиб, респондентларнинг 53,6 фоизи бунга касбий малакасини ошириш ҳисобига эришиш истагини билдирган. Респондентларнинг ярмидан кўпи мутахассислиги бўйича ўз билимларини тизимли равишда ошириб боришга ҳаракат қилмоқда, олий маълумотли ёшларнинг 83,8 фоизи эса малакасини муттасил оширмоқда. Бунда ёшлар томонидан малака ошириш бўйича шахсий имкониятларни баҳолашнинг юқори даражаси сақланиб қолмоқда – сўров иштирокчиларининг 62,3 фоизи шулар жумласидандир.
Сўров натижаларига кўра, хусусий тадбиркорлик соҳасида ёшлар иштирокининг анчайин паст даражаси сақланиб қолмоқда, респондентларнинг тахминан ўн фоизигина тегишли саволга ижобий жавоб берди. Респондентларнинг 55,2 фоизи учун асосий фаолият тури якка тадбиркорлик ҳисобланади. 18,1 фоизи оилавий бизнес билан шуғулланади, 12,4 фоизи эса кичик корхоналарда фаолият юритади. Савдо аввалгидек ёш тадбиркорларнинг бандлигидаги энг кенг тарқалган соҳа ҳисобланиб, мазкур соҳада иштирокчиларнинг 42,9 фоизи, маиший хизмат кўрсатиш соҳасида 35,7 фоизи, 12,4 фоизи эса озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида меҳнат қилади.
Тадқиқот мамлакат ёшларининг ўзлигини англаш даражаси жадал ўсганлигини аниқлаш имконини берди. Бу ёшларнинг дунёқараши кенгайганлиги, уларда ватанпарварлик, Ватанга ифтихор ва содиқлик туйғулари шаклланганлигида акс этади. Ўзбекистоннинг аксар ёшлари ўзини ватанпарвар деб ҳисоблайди. Ёш авлод вакиллари фикрига кўра, ватанпарварлик «Ватанга муҳаббат ва ифтихор», «мамлакатнинг буюк келажаги йўлида кураш», «халқимиз тарихи, маданияти ва миллий анъаналарини билиш ва ҳурмат қилиш»да намоён бўлади.
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси демократик давлат барпо этиш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга йўналтирилган ислоҳотлар жараёнида ёшлар фаоллигини ошириш бўйича қатор янги вазифаларни белгилаб берди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони уларнинг ижросига йўналтирилган бўлиб, унда демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга доир ислоҳотларда ёшлар фаоллигини ошириш, юксак маънавият, мустақил фикрлаш, мустаҳкам ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва чуқур билимга эга, ўзининг бор куч-ғайрати, билими ва салоҳиятини халқ манфаатлари йўлида сафарбар этиш, зиммасига мамлакат келажаги учун жавобгарликни олишга қодир, ташаббускор, серғайрат ёшлар қаторини кенгайтириш Ёшлар иттифоқи фаолиятининг истиқболли йўналишларидан бири сифатида белгилаб берилган.
Сўров ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини оширишда ёшларнинг асосий вазифаларини англаши муҳим аҳамият касб этаётганлигини кўрсатди. Мажмуавий ва мақсадли ижтимоий тадқиқотлар ҳамда ижтимоий фикр сўровлари асосида ёшлар муаммоларининг келгуси мониторингини ўтказиш зарур.
Умуман олганда, ўтказилган тадқиқот натижалари ўзбекистонлик ёш авлод вакилларининг юқори ижтимоий некбинлиги ва Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси, ўз келажаги ва мамлакат келажагига ишончини кўрсатди.

 

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш 
маркази материаллари асосида 
ЎзА мухбири О.Харченко тайёрлади.