Президентимиз Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳридаги Ёшлар марказида бўлди.

Мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантириш борасидаги ислоҳотлар юксак натижалар бермоқда.

Урганч шаҳридаги Амир Темур номидаги истироҳат боғи ҳудудида ташкил этилган марказда ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун барча шароит яратилган. “Ёш чеварлар”, “Ёш рассомлар”, “Ёш шахматчилар”, “Ёш ижодкорлар”, “Ёш сартарошлар” каби ўндан ортиқ тўгарак фаолияти йўлга қўйилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонида вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ёшлар марказларини қуриш кўзда тутилган. Шунингдек, 11 йиллик мажбурий ўрта таълим тизимининг жорий этилиши муносабати билан бўшайдиган коллежлар биноларини Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тегишли кенгашлари ихтиёрига беғараз ўтказиш, уларнинг негизида барча қулайликларга, жумладан, кутубхона ва китоб дўконига эга бўлган Ёшлар марказлари ва замонавий ёшлар кинотеатрларини, шунингдек, ёшларни, айниқса, уларнинг уюшмаган қисмини касб-ҳунарга тўловсиз ўқитиш марказларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Президентимиз Урганч шаҳридаги Ёшлар марказида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Биз бу каби замонавий иншоотларни кўплаб қуришимиз мумкин. Лекин унинг ичида қандай таълим-тарбия олиш, ҳунар ўрганиш сиз ёшларнинг интилиш ва ташаббусларингизга боғлиқ, деди давлатимиз раҳбари. Хоразмлик ёшлар бу борада бошқаларга ўрнак бўлиши керак.

Президентимиз турли сабабларга кўра тўғри йўлдан адашиб қолган ёшларни соғлом ҳаётга қайтаришда уларнинг тенгдошлари ёрдам бериши кераклигини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев вилоятнинг бир гуруҳ фаол ёшлари билан учрашиб, улар билан суҳбатлашди.

Учрашувда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарига мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, йигит-қизлар учун яратилаётган шароитлар ва имкониятлар учун миннатдорлик билдирди.

 

Абу Бакир Ўрозов, ЎзА