Сайлов қонунчилиги янада такомиллашади

Бухорода 16-17 ноябрь кунлари “Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва демократик сайловлар: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори ва Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (БСОА), ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Венеция комиссияси, БМТ Котибияти ҳузуридаги Сиёсий масалалар бўйича департаментнинг сайловлар ўтказишга кўмаклашиш бўлими, Сайлов тизимлари халқаро жамғармаси ва бошқа халқаро институтлар, Россия, Қирғизистон, Руминия каби давлатлар сайлов органлари вакиллари, шунингдек, мамлакатимиздаги фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар вакиллари, ҳуқуқшунослар ва журналистлар иштирок этди.
Анжуман халқаро экспертлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасини муҳокама қилиш, шунингдек, сайлов жараёнида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга эришишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
– Тадбирда халқаро мутахассислар эътироф этганидек, Ўзбекистон сайлов қонунчилиги мунтазам такомиллашиб бормоқда, – дейди ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайловлар бўйича департаменти раҳбари Александр Шлик. – Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳам бунинг ёрқин далилидир. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари бундай ҳужжатни қабул қилмаган. Негаки, кодекс устида ишлаш жиддий ёндашув ва катта меҳнат талаб этади. Ўзбекистон сайлов кодексини яратишга дадил киришди. Халқаро ва хорижий мутахассислар унинг лойиҳасини кўриб чиқди. Бу ҳужжат муҳокамаси давомида уни тайёрлаган ишчи гуруҳга ҳозиргача 500 дан ортиқ таклиф келиб тушгани халқингиз соҳа қонунчилигини такомиллаштиришга дахлдорлик туйғуси билан ёндашаётганини кўрсатади. Кодекс юртингиз ҳуқуқ маконида бамисли бир ниҳол. Унинг истиқболига умид катта. Ўйлашимча, кодекс турли тавсиялар инобатга олинган ҳолда қабул қилинади ва келгусида мамлакатингизда ташкил этиладиган сайловларнинг ошкоралик, тенглик, шаффофлик каби демократик тамойиллар асосида ўтишига хизмат қилади.
Экспертлар кодекс лойиҳасининг миллий қонунчиликдаги аҳамияти, сайлов кампаниясини молиялаштириш, партиялараро соғлом рақобат, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш масалалари ҳақида ҳам ўз нуқтаи назарини билдирди.
4.jpg
6-faqat saytga.jpg
Конференциянинг иккинчи куни сайлов жараёнларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Муҳим сиёсий тадбирни ўтказишда фойдаланиладиган техника базасини модернизация қилишга батафсил тўхталиб ўтилди.
– Ўзбекистонда ўтказилаётган сайловларда 2007 йилдан буён халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиб келаман, – дейди Халқаро сайлов тизимини ўрганиш маркази президенти Александр Цинкер. – Шуни айтишим жоизки, Ўзбекистон раҳбарияти ҳар бир сиёсий тадбирдан сўнг халқаро кузатувчилар миссиясининг расмий маслаҳат ва мулоҳазаларига ҳозиржавоблик билан эътибор қаратиб келади. Хусусан, кейинги сайловлар якуни бўйича улар томонидан сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва юритиш сайлов қонунчилигини янада такомиллаштиришнинг муҳим йўналишларидан бири экани тавсия қилинган эди. Бу норма Сайлов кодекси лойиҳасида мустаҳкамлаб қўйилгани муҳим аҳамиятга эга. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати амал қилиши нафақат технологик жиҳат, балки сайлов тизимини бошқариш жараёни самарадорлигини ошириш имконини беради. Бу эса сайловчиларнинг сиёсий тадбирда янада фаол иштирокини таъминлайди, аҳолининг ўтказилган сайлов натижаларига ишончини юқори даражада ошириб, сайланган ҳокимият қонунийлигини мустаҳкамлайди.
Очиқлик ва кўтаринкилик руҳида ўтган халқаро конференциядан сўнг хорижлик иштирокчилар қадимий Бухоро шаҳрининг тарихий-меъморий ёдгорликлари ва бошқа диққатга сазовор жойларига саёҳат қилди.

 

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА