Энг муносиблар, фаол ва ташаббускорлар аниқланди

«Ташаббус» республика кўрик-танлови тадбиркор, фермер ва ҳунармандларнинг энг фаолларини аниқлаш, креатив ғоялар асосидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришда муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ташкил этилган “Ташаббус-2018“ республика кўрик-танловининг ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлашга бағишланган тадбир пойтахтимиздаги “Наврўз“ маросимлар уйида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган тадбирга вазирлик ва идоралар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.Ортиқхўжаев ва бошқалар юртимизда тадбиркорлик ривожи йўлида кўрсатилаётган тизимли саъй-ҳаракатлар қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга, тадбиркорлар манфаатларини ҳимоялашга, уларнинг эркин ва самарали фаолият кўрсатишига имкон яратаётганини таъкидлади.
18.jpg
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик янги иш ўринларини ташкил этиш, барқарор даромад манбаларини яратиш, миллий иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиш, ҳаётимиз фаровонлиги, дастурхонларимиз баракасини таъминлашнинг муҳим омилига айланиб бормоқда. Шу маънода Президентимиз соврини учун “Ташаббус“ кўрик-танлови тадбиркорлик субъектлари ўртасида 23 йилдан буён муваффақиятли ўтказиб келинаётган ягона танлов экани билан ажралиб туради. Айни пайтда Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Республика “Ҳунарманд“ уюшмаси, Ёшлар иттифоқи ва бошқа бир қатор вазирлик, идоралар ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур маърифий лойиҳа кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, ишбилармон доиралар эришаётган ютуқларни тарғиб қилишга, ёшларда мулкдор бўлиш ҳиссини кучайтиришга, тадбиркорларнинг имкониятларини тўлақонли юзага чиқаришга хизмат қилмоқда.
Кўрик-танловнинг илк босқичида олти мингдан ортиқ даъвогар иштирок этган бўлса, ҳудудий босқичларда 915 нафар тадбиркорлик субъекти ўз имкониятини намойиш этди. Танловнинг финал босқичига 69 иштирокчи етиб келди.
Жонона Облоқулова ёш бўлишига қарамай, Тошкент вилоятида “Сказочний мир гармонии“ хусусий мактабгача таълим муассасасини очишга муваффақ бўлган. Бу ерда “Илк қадам“ ўқув-маърифий дастури асосида болаларнинг ўқишга бўлган қизиқишини орттириш билан бирга, йигирмага яқин тўгаракларда машғулотлар ўтилади.
– Бугун астойдил ишлайман, юрт равнақига ҳисса қўшаман, деган инсон борки, барининг орзу-интилишлари рўёбга чиқмоқда, – дейди Ж.Облоқулова. – “Ташаббус“ кўрик-танловида ёш тадбиркорларга ҳам ўз салоҳиятини намойиш этиш учун кенг имкониятлар яратилганидан ғоят мамнунмиз.
Акмал Аҳмедов – Самарқанд вилоятидаги “Sam-Ferre“ масъулияти чекланган жамияти раҳбари. 2012 йилда ташкил этилган мазкур корхона ўз фаолиятини дастлаб 15 нафар ишчи билан бошлаган бўлса, бугунги кунда улар 82 нафарга етди. Банкдан кредит олмай, ўз маблағи асосида ишни ташкил этган тадбиркорнинг саъй-ҳаракати билан эндиликда корхонада 50 турга яқин маҳсулот – газ плитаси, темир эшиклар, маиший ва савдо музлаткичларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Унинг айтишича, тадбиркорларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик “Ташаббус“ кўрик-танлови мисолида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Мазкур кўрик-танлов жорий йилда янгича форматда ўтказилгани билан эътиборга моликдир. Унинг асосий учта – “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори“, “Йилнинг энг яхши фермери“, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди“ номинациялари қаторига яна иккита янги – “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори“, “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори“ номинацияси қўшилди. Асосий номинация бешта бўлди. Бу эса, ўз навбатида, барча тадбиркорлик субъектлари учун янада кенгроқ имкониятларни очиб бериши шубҳасиз.
31.jpg
38.jpg
…Тадбирнинг энг ҳаяжонли онлари бошланди. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори“ номинацияси бўйича Наманган вилоятидаги “Namangan momiq sochiqlari“ масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ғиёсиддин Бобохонов биринчи ўринга муносиб топилди. “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори“ номинациясида Фарғона вилоятидаги “Fargona tibbiy diagnostika“ масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдумалик Эргашев ғолиб бўлди. “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори“ номинацияси бўйича биринчи ўринга Тошкент шаҳридаги “Azr-Textile Group“ масъулияти чекланган жамияти раҳбари Азизжон Зоиров муносиб кўрилди. Самарқандлик ёғоч ўймакорлиги соҳаси бўйича ҳунарманд Мансур Асадов “Йилнинг энг яхши ҳунарманди“ номинациясида ғолибликни қўлга киритди. Хоразмлик “Йўлдош мажид“ фермер хўжалиги раҳбари Йўлдош Искандаров “Йилнинг энг яхши фермери“ номинацияси бўйича биринчи ўринни эгаллади. Уларга Президент соврини – “Spark“ автомобили, “Ташаббус – 2018“ кўрик-танловининг махсус статуэткаси, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
– Тадбиркору ҳунармандларга бу қадар катта эътибор дунёнинг ҳеч қайси давлатида учрамайди, – дейди “Йилнинг энг яхши ҳунарманди“ номинацияси ғолиби Мансур Асадов. – Президентимизнинг юртимиз уста ва ҳунармандларига кўрсатаётган ғамхўрлигини доимий ҳис этиб, меҳнат қилмоқдамиз. Бу рағбат янада кўпроқ изланишга, билдирилган юксак ишончга муносиб бўлишга ундайди.
Маросимда, шунингдек, асосий номинациялар бўйича иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари, “Энг яхши инновацион лойиҳа“, “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор“, “Энг яхши тадбиркор аёл“, “Менинг юртим – менинг ифтихорим“, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби“, “Энг яхши экспортчи“, “Энг масъулиятли ижтимоий шерик“ каби ўнлаб рағбатлантирувчи номинациялар бўйича совриндорлар аниқланди.
Санъат усталари намойиш этган катта концерт барчага кўтаринки кайфият улашди.

 

Н.Усмонова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА