Қиличбоз қизларимиз муваффақияти

Пойтахтимиздаги гимнастикага ихтисослаштирилган Республика олимпия захиралари спорт мактабида ўсмир қизлар ўртасида қиличбозлик бўйича жаҳон кубоги мусобақаси ўтказилди.
 
6.jpg
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакатимиз қиличбозлик федерацияси, бир қатор ташкилотлар ва Халқаро қиличбозлик федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган турнирда дунёнинг 14 мамлакатидан келган 50 нафардан зиёд қизлар яккалик ва жамоавий баҳсларда рейтинг очколари учун рақобатлашди.
2.jpg
Марказий Осиёда илк маротаба ташкил этилган жаҳон кубогининг яккалик беллашувларида болгариялик Йоана Илиева олтин медални қўлга киритган бўлса, россиялик Валерия Кобзева ва Алина Михайлова кумуш ва бронза медалига сазовор бўлди.
9.jpg
Афсуски, яккалик баҳслари спортчиларимиз учун муваффақиятсиз ўтди. Унда вакилларимиз ўртасида яхши натижага Зайнаб Дайибекова эришди. У кескин ва муросасиз ўтган баҳсларда 9-ўриндан жой олди.
11.jpg
Жамоавий беллашувларда Зайнаб Дайибекова, Севинч Исмоилова, Шаҳноза Тоғаймуродова ва Ойсулув Уснаддиновадан иборат Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси чорак финалда Молдова, ярим финалда Германия термаси устидан зафар қучди.
Финал учрашувида қиличбозларимиз Россия терма жамоасига қарши баҳс олиб борди. Мазкур беллашувнинг олтинчи раундига қадар ҳисобда олдинда борган вакилларимиз якунда 38:45 ҳисобида имкониятни бой берди ва кумуш медални қўлга киритди.
Мусобақанинг бронза медалига Германия терма жамоаси сазовор бўлди.
Шу тариқа якунланган мусобақада Россия терма жамоаси 64, Ўзбекистон қиличбозлари 52 рейтинг очколарига эга бўлди. Учинчи поғонадан жой олган Германия термаси ўз ҳисобига 40 очкони ёзиб қўйди.
Қайд этиш лозимки, мазкур натижадан сўнг қизларимиз жаҳон рейтингида 12-ўринга кўтарилди. Осиё қитъасида эса кучли учликдан жой олди.
Мазкур мусобақа доирасида Марказий Осиё мамлакатлари қиличбозлик федерациялари раҳбарларининг кенгаши бўлиб ўтди. Йиғилишда Халқаро қиличбозлик федерацияси ижроия қўмитаси аъзоси В.Логвин ҳам иштирок этди.
Кенгашда сўзга чиққан В.Логвин минтақада қиличбозлик спорти ривожланаётганини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, миллий қиличбозлик федерациялари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Марказий Осиё қиличбозлик конфедерациясини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди.
Кенгаш қатнашчилари ушбу ташаббусни якдиллик билан маъқулладилар. Йиғилишда сўзга чиққан Қозоғистон қиличбозлик федерациясининг вице-президенти Р.Кичиков Марказий Осиё қиличбозлик конфедерацияси раҳбар органини шакллантириш зарурлигини таъкидлаб, Марказий Осиё қиличбозлик конфедерацияси президенти лавозимига Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг раиси Рустам Шоабдураҳмонов номзодини таклиф қилди.
Кенгаш қатнашчилари бир овоздан Р.Шоабдураҳмонов номзодини қўллаб-қувватладилар ва Марказий Осиё қиличбозлик конфедерацияси президенти этиб сайладилар.
Конфедерация бош котиби лавозимига Афғонистон қиличбозлик федерацияси президенти А.Тарик, ташкилот вице-президентлигига эса Қозоғистон қиличбозлик федерациясининг вице-президенти Р.Кичиков сайланди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА​​