Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 мартага кўпдир.
Давлат статистика қўмитаси Ижтимоий соҳа ва барқарор ривожланиш статистикаси бошқармаси 2018 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон Республикасига келган ва кетган шахслар сонини маълум қилди.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикасига 4666,5 минг нафар чет эл фуқаролари даволаниш, қариндошларни йўқлаш, сайёҳлик, иш, ўқиш, хизмат юзасидан ва бошқа мақсадларда келган. Шулардан 52,1 фоизи эркаклар, 47,9 фоизи аёллардир. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 мартага кўпдир.
Чет элга 10812,0 минг нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари даволаниш, қариндошларни йўқлаш, сайёҳлик, иш, ўқиш, хизмат юзасидан ва бошқа мақсадларда кетган. Шулардан 58,9 фоизи эркаклар, 41,1 фоизи аёллардир. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 мартага кўп.
Ўзбекистонга келган чет эл фуқаролари орасида Қозоғистон Республикаси 40,2 фоиз билан асосий ўринни эгаллайди. Кейинги ўринларда Тожикистон (24,8 фоиз), Қирғизистон (16,7 фоиз), Россия (7,4 фоиз), узоқ хорижий давлатлардан эса Туркия (1,1 фоиз), Хитой (0,6 фоиз), Жанубий Корея (0,5 фоиз), Ҳиндистон, Германия, Япония (0,3 фоиз)дан.
Чет элга кетган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг 53,4 фоиз Қозоғистон Республикасига, 22,2 фоиз Қирғизистон Республикасига, 11,6 фоиз Тожикистон Республикасига, 8,2 фоизи Россияга ташриф буюрган. Узоқ хорижий давлатлардан эса 1,3 фоиз Туркияга, 0,6 фоиз Жанубий Кореяга, 0,3 фоиз БААга, 0,2 фоиздан Хитой, Германия, Японияга ташриф буюрган.
Ўзбекистонга келган чет эл фуқароларининг асосий сафар мақсади қариндошларни йўқлаш – 74,2 фоиз (3461,9 минг киши). Кейинги ўринларда, 7,0 фоиз (327,2 минг киши) – сайёҳлик, 0,9 фоиз (41,1 минг киши) – хизмат юзасидан, 0,6 фоиз (30,0 минг киши) – ишлаш мақсадида, 0,9 фоиз (41,6 минг киши) – даволаниш, 0,2 фоиз (7,7 минг киши) – ўқиш мақсадида.
Шу билан бирга, чет элга кетган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг асосий сафар мақсадлари қариндошларни бориб кўриш (56,6 фоиз – 6117,2 минг киши). Кейинги ўринларда ишлаш мақсадида – 31,2 фоиз (3375,6 минг киши), хизмат юзасидан – 0,8 фоиз (84,4 минг киши), сайёҳлик мақсадида – 2,8 фоиз (307,7 минг киши), даволаниш мақсадида – 0,4 фоиз (46,7 минг киши), ўқиш мақсадида – 0,3 фоиз (37,7 минг киши).
ЎзА