Оксолин мазидан фойдаланиш гриппдан ҳимоями?

Куз-қиш мавсумида кўпчиликнинг гриппга чалиниб қолгани ҳақида эшитамиз. Қарши даволаш чоралари ҳақида ҳам озми-кўпми хабаримиз бор. Лекин, кейинги вақтда кўпчилик касалликнинг олдини олишда эмлаш профилактикаси фойдадан ҳоли эмаслигини айтмоқда.
Бу фикрнинг қанчалик тўғри эканини аниқлаш учун иммунолог-педиатр Манзура Абдуллақулова билан суҳбатлашдик.
– Грипп эпидемияси ва ўткир респиратор касалликларни олдини олишда вакцинация жуда муҳим ўрин тутади, – дейди М.Абдуллақулова. – Фақат кишининг умумий аҳволи ва саломатлигига боғлиқ шикоятларидан келиб чиқиб вакцинация ҳолати белгиланиши мумкин. Шунда ҳам эмланишдан аввал албатта шифокор кўригидан ўтиш тавсия этилади. Имкони борича эмлашга қадар 2 ҳафта давомида шамоллаш, тумов каби ҳолатлар кузатилмаслиги керак. Ҳомиладор аёллар ва ёш болалар учун эса шифокор кўриги ва хулосаси белгиланади.
Гриппдан ҳимояланиш учун уй шароитида қандай чоралар кўришни маслаҳат берган бўлардингиз? Қайси витаминларга кўпроқ эътибор қаратиш керак?
– Тўғри, уйда ҳам чоралар кўриш мумкин. Кунора бўлса-да, бурун тешикларини ишлатилмаган кир ювиш совуни ёки махсус бактерияларга қарши ишлатиладиган воситаларда чайинг. Бу муолажани уйдан кўчага чиқишда ва қайтишда бажаринг. Болаларга боғча, мактабга отланишдан аввал оксолин мазини бурун атрофига суртиш керак. Энг муҳими, ҳар бир оила аъзоси бу тартибга риоя этиши керак. Чунки, бир кишининг инфекция билан зарарланиши бошқаларига ҳам юқиш эҳтимолини келтириб чиқаради.
Витаминларга келадиган бўлсак, касалликнинг авж палласида витамин С қабул қилиш фойдалидир. Мазкур витаминни лимон, апельсин, мандарин каби цитрус мевалардан топишингиз мумкин. Бунда лимонли чой ёки меванинг ўзини истеъмол қилиш ҳам тавсия этилади. Таомномангиздаги салат ва егуликлар қаторига пиёз ва саримсоқни киритинг. Мазкур маҳсулотлар организмдаги зарарли бактерияларга қарши самарали курашувчи бўлиб, хомлигича истеъмол қилинади.
Гриппга қарши эмлаш ҳаммага ҳам тўғри келадими? Ҳеч қандай чекловлар йўқми?
– Тўғри, бунда баъзи чекловлар бор. Мисол учун, аллергик ҳолатларга мойиллик бўлса, инфекцион хасталик ва юқори ҳароратда, буйрак фаолиятининг ўзгаришида, асаб ва эндокрин тизими, қон билан боғлиқ касалликлар, 6 ойгача бўлган болалар учун тақиқланади.
Эмланадиган киши шамоллаш, нафас олиш йўллари яллиғланиши каби касалликлардан тамоман соғлом бўлиши керак. Мабодо бу ҳолат кузатилса, эмлаш ишлари вақтинча тўхтатиб туради.
Демак, эмлаш ҳаммага ҳам тўғри келмас экан. Унда кимлар учун зарурий?
– Мавсумий касалликлар вақтида ҳомиладорликни режалаштираётган аёллар, 6 ойликдан 23 ойликкача бўлган болалар ҳамда иммун тизимининг суст, мунтазам шамоллаш ҳолатларидан азият чекадиганларга бу албатта керак. Айниқса, грипп билан касалланган кишилар бор муассасада ишловчи тиббиёт ходимлари учун эмлаш зарурий ҳисобланади.
Қайд этиш жоизки, вакцина олишнинг ўз тартиби бор. Мисол учун, 6 ойликдан 3 ёшгача бўлган болаларга вакцинация 2 марта — 1 ойлик танаффус билан амалга оширилади. Уч ёшгача бўлган болаларга эса иккига бўлиб қилинади. 3 ёшдан катталар бир йилда бир марта эмланади. Гриппга қарши эмланганлар орасида олиб борилган тадқиқотларга кўра, эмлашдан сўнг касалликка чалиниш хавфи 70-90 фоизга камаяди.
Интернет хабарларига эътибор қиладиган бўлсак, дунёда гриппнинг икки мингдан ортиқ тури бўлиб, ҳар йили дунё миқёсида грипп асоратлари туфайли 250 -500 минг киши ҳалок бўлаётган экан. Албатта, бу кичик рақамлар эмас. Соғлиғимиз ўз қўлимизда экан, гриппдан ҳимояланиш чораларини кўришимиз шарт албатта.

 

Сайёра Шоева, ЎзА