Мамлакатимизда кейинги йилларда олий таълимни янги босқичга кўтаришга қаратилган қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
Президент қарорлари билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда олий таълим муассасаларини ривожлантириш, таълим сифатини ошириш бўйича дастурларга мувофиқ олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини кучайтириш, профессор-ўқитувчиларнинг маошларини ошириш ҳамда фан-таълим-ишлаб чиқариш интеграциясини янада кучайтириш бўйича ишлар жадал суръатда олиб борилмоқда.Илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда замонавий таълим стандартлари асосида таълим бериш, ушу жараёнда ментал қадриятларимизни эътиборга олган ҳолда талабаликка қабул қилиш жараёнидаги тест синовларини мутлақо янги тартиб ва талаблар асосида, жамоатчилик назоратининг барча шаклларини қўллаб, адолатли ва шаффоф ўтказиш тизими жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 24 октябрь куни олий таълим соҳасини янада ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилишда соҳада кўплаб янгилик ва ислоҳотлар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилиб, ўз навбатида, бугун ечимини кутаётган қатор муаммо ва камчиликларга тўхталиб, уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, соҳадаги кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни бажариш юзасидан топшириқлар берилди.
Бугун дунёда юз бераётган воқеа ва ҳодисалар, турли қарама-қаршилик ва таҳдидларнинг кучайиб бораётгани ҳар бир фуқародан бу жараёнларга бефарқ бўлмасликни, олий таълим муассасаларининг битирувчилари ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишишлари билан бирга, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ҳолда юртимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларнинг иштирокчиси бўлиб, дахлдорлик ҳисси билан яшашни тақозо этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарорида дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий ва ғоявий-мафкуравий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама чуқур ёритиш, терроризм, дин ниқобидаги экстремизм, ақидапарастлик, сепаратизм, одам савдоси, “оммавий маданият”, наркобизнес ва бошқа таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш вазифалари белгиланган. Ана шу вазифалар ижроси юзасидан Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ҳудудларда ички ва ташқи мафкуравий таҳдидларни аниқлаш бўйича социологик тадқиқотлар ўтказиш ва шу асосда мамлакатимиздаги маънавий-маърифий муҳит таҳлилини кўрсатиб берувчи дастур-харита ишлаб чиқилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларида маънавий-маърифий соҳадаги муаммоларни ўрганиш ва таҳлил қилиш мақсадида ижтимоий сўровнома ўтказилмоқда. Ижтимоий сўровномадаги саволлар профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун алоҳида ишлаб чиқилган.
Сўровномани ўтказишдан мақсад таълимдаги мавжуд таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, талаба-ёшлар билан аниқ манзилли тарғибот тадбирларини олиб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат. Сўровнома натижалари таҳлил қилинган ҳолда ҳар бир олий таълим муассасасидаги профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўртасидаги ижтимоий-маънавий муҳит, уларнинг ислоҳотлардан хабардорлиги ва маънавий-маърифий ишларни янада такомиллаштириш бўйича билдирилган таклифлар асосида олий таълим тизимида маънавий-маърифий ишларни самарадорлигини ошириш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқилади.
Ўз ўрнида, мақсадли ва манзилли ўтказилган амалий ишлар эса, табиийки, мамлакат олий таълим муассасаларида замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган рақобатбардош, маънавий етук ҳамда Ватан ва миллат тақдири учун дахлдор кадрларни тайёрлаш, юрт тараққиётининг, қолаверса, бугунги куннинг долзарб вазифаси бўлган ёшларни ёт таъсирлардан ҳимоя қилишнинг муҳим гаровидир.
Азамат Камалов,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази бўлим бошлиғи