Янги таҳрирдаги қонун лойиҳалари талабалар эътиборида

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсати соҳасининг ҳуқуқий асосларига бағишланган давра суҳбати ўтказди.
Депутатлар, қонун лойиҳалари бўйича ишчи гуруҳ аъзолари, Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходимлари, экспертлар, талабалар иштирок этган тадбирда асосий эътибор янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларининг кенг жамоатчилик муҳокамасига қаратилди.
Тадбирда депутатлар мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши мамлакатимизнинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, халқаро шартнома ва келишувларнинг самарали ижросини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.
“Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги қонунининг янги таҳририда халқаро шартномаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимидаги ўрни ва моҳияти белгилангани билан аҳамиятлидир. Унги кўра, мамлакатнинг халқаро битимлари давлат ҳуқуқий тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ҳужжатда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро шартномаларнинг бажарилиши бўйича мониторинг олиб бориш механизми кенгайтирилган. Бу қоида давлат органларининг халкаро шартномалар соҳасидаги ишини мувофиқлаштириш бўйича мамлакат ташқи сиёсий идораси фаолияти самарадорлигини янада ошириш имконини беради.
Давра суҳбатида мутахассислар томонидан ёшларга Консуллик устави лойиҳасига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар хусусида маълумот берилди.
– Мазкур ҳужжат хориж давлатларида юрган мамлакатимиз фуқаролари ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Аваз Жалилов. – Бундан ташқари, мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий ва бошқа алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилади. Қонун лойиҳасида мамлакатимиз фуқароларининг паспорти ва бошқа ҳужжатлари йўқолган ёки муддати ўтган тақдирда юртимизга қайтиши учун гувоҳнома бериш ҳамда яшаши учун зарурий ёрдам кўрсатиш масалалари ҳам кўзда тутилган.
Тадбирда талабалар томонидан мавзуларга доир таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Абдулазиз Мусаев, ЎзА​​