Афғонистон аёллари тинчлик истайди

Аввал хабар қилинганидек, “Мамлакатнинг демократик янгиланиши ҳамда модернизациясида аёлларнинг роли: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусида халқаро анжуманда аёллар гендер тенглиги ва уларнинг давлат бошқарувдаги фаоллиги масалалари қизғин муҳокама қилинмоқда.
Анжуманда Афғонистон аёллар масалалари бўйича вазири Дилбар Назарий ЎзА мухбирига ўз юртида бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.
– Бугунги кунда Афғонистонда хотин-қизлар масаласи ҳам асосий ўринни эгалламоқда, – деди у. – Аёлларимизга эркинлик бериш, уларнинг тенглигини таъминлаш ва давлат бошқарувида улар фаоллигини ошириш масаласи Конституциямизда белгилаб қўйилган. Айни кунда бу борада қонун ва меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда. Ҳозирги кунда 27 фоиз аёллар қуйи парламентда, 26 фоизи давлат органларида, 1 фоизи ҳарбий соҳада, 39 фоизи мактабда, 23 фоизи олийгоҳларда ва 17 фоизи бошқа йўналишлардадир. Гарчи, Афғонистонда бу борада мавжуд муаммолар бўлишига қарамай, хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлиги масаласини ҳал қилишга эришмоқдамиз. Бунинг асосий сабаби эса афғон аёлларининг тинчлик исташида, тинчлик тарафдори эканида. Шу сабабли Ўзбекистон, БМТ ва бошқа давлатларнинг бу борада бизни қўллаб-қувватлаётганидан миннатдормиз. Тошкентда ўтказилаётган учрашув манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга, тажрибаларни ўрганишга кенг имкониятлар очиб беради. Бу бизнинг давлат аёллари учун жуда муҳимдир.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА