Наталья Герман: ўзбек аёллари ҳар жабҳада фаол

Аввал хабар қилганимиздек, пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида “Мамлакатнинг демократик янгиланиши ҳамда модернизациясида аёлларнинг роли: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусида халқаро конференция ўз ишини давом эттирмоқда.
Унда сўзга чиққан БМТнинг Махсус вакили Наталья Герман мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳар жабҳада фаол қатнашаётганини алоҳида қайд этди.
– Бугунги анжуманда давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг роли ва аҳамияти масалалари халқаро ҳамжамият вакиллари иштирокида муҳокама этилаётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Чунки Ўзбекистонда нафақат аёллар масаласи, балки барча жабҳаларда улкан ўзгаришларни кузатмоқдамиз. Айниқса, Хотин-қизлар қўмитасининг аёлларнинг бошқарувидаги мавқеини оширишда ўз тажрибаси ва халқаро тажрибалар билан ўртоқлашаётганида катта маъно бор. Бу юртингиздаги гендер масаласи, аёлларнинг барча соҳаларда тенг ҳуқуққа эгалигидан далолат беради. Шу жиҳатдан бу борада Ўзбекистон Марказий Осиёда ўз ўрнига эга. БМТ мамлакатингизнинг аёллар тенглиги бўйича фаолиятини қўллаб-қувватлайди ва бу борада ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тарафдори.
Эслатиб ўтамиз, халқаро анжуманда 30га яқин давлатдан вакиллар иштирок этмоқда. Унда ҳар бир давлатда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги фаоллиги бўйича тажрибалар таҳлил этилмоқда.
Сайтимизни кузатишда давом этинг, тадбир тавсилотлари кенг ёритилади!

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА