Пойтахтимиздаги “International HotelTashkent” меҳмонхонасида “Мамлакатнинг демократик янгиланиши ҳамда модернизациясида аёлларнинг роли: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусидаги халқаро конференция давом этмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳрида ўттизга яқин давлатдан халқаро аёллар институтлари вакиллари иштирокида “Мамлакатнинг демократик янгиланиши ҳамда модернизациясида аёлларнинг роли: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусида халқаро конференция ўтказилмоқда.
Анжуман очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан хотин-қизларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳамда ушбу тадбирнинг ташкил этилиши анъанага айланиб, келгусида аёлларнинг давлат бошқарувидаги фаол иштирокини таъминлашда муҳим лойиҳаларни мужассам этган халқаро майдонга айланишини таъкидлади.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизлар бахту иқболини, саодатли яшашини таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга кенг йўл очиб беряпти.
Бу каби бошланган эзгу ишларга жавобан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси юртимиз хотин-қизларининг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда нафақат ички имкониятлардан фойдаланиш, балки халқаро миқёсда алоқаларин мустаҳкамлаш чораларини кўрмоқда. Қўмитанинг Россия, Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон, Хитой, Германия каби давлатлар билан аёллар масаласига оид йўналишларда ўрнатилган ўзаро халқаро ҳамкорликлари бунга яққол мисолдир.
Сайтимизни кузатишда давом этинг, тадбир тавсилотлари кенг ёритилади!
Насиба Зиёдуллаева, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА