Мамлакатимизда замонавий миллий эстрада санъатини янада ривожлантириш, эстрада ижрочиларининг профессионал маҳоратини ошириш ҳамда иқтидорли ёш хонандаларни кашф этиш учун барча зарур шароитлар ва имкониятлар яратилган. Шунингдек, тўйлар, юбилейлар ва бошқа тантаналарда концерт хизматидан ташқари бошқа турдаги, яъни, тўй-ҳашамларда бошловчилик қилиш, суратга олиш ва видео-тасвирга тушириш хизматларини ҳам кўрсатиш чекланмаган. Бу борадаги тартиб-қоидалар юзасидан пайдо бўладиган бир неча саволларга Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи Б.Файзиев жавоб беради.
Савол: – Гастроль-концерт, шу жумладан, сухандонлик фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш мумкинми?
Жавоб: – Йўқ мумкин эмас. Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатида концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳамда тантанали маросимларини ташкил этиш хизматлари белгиланган бўлиб, концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш бўйича рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар даромад солиғи тўлашдан озод қилиниб, ҳар ойда фақат энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида суғурта бадаллари тўланиши белгиланган.
Тантанали маросимларни ташкил этиш хизматларини амалга оширилиши бўйича рўйхатдан ўтган бўлса фаолиятини амалга оширадиган ҳудуд бўйича қатъий белгиланган солиқ ҳамда энг кам иш ҳақининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдорда суғурта бадали тўлайдилар.
Савол: – Тўй ва бошқа тантанали маросимларни ўтказиш бўйича тузилган санъаткорлар гуруҳининг солистида лицензия бўла туриб, бошқа гуруҳ аъзоларига алоҳида ушбу лицензия бўлиши ёки давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтиб якка тартибдаги тадбиркор бўлиши шартми?
Жавоб: – Шарт эмас. Юридик шахсни ташкил этмасдан оилавий тадбиркорлик фаолияти бўйича рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор (солист) ўзининг гуруҳига яқин қариндошларини (отаси, ака-укалари) аъзо қилган ҳолда фаолият кўрсатишлари мумкин. Ушбу ҳолатда оилавий тадбиркорнинг аъзолари ҳар ойда энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида суғурта бадали тўлайдилар. Ёки гуруҳ раҳбари томонидан якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, 3 нафаргача бўлган гуруҳ аъзоларини ёлланма ишчи сифатида рўйхатга киритиш орқали фаолият кўрсатилиши қонунда назарда тутилган. Ушбу ҳолатда ҳам ёлланма ишчи сифатида киритилган 3 нафаргача гуруҳ аъзолари ҳар ойда энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида суғурта бадаллари тўлайдилар.
Савол: – Лицензия олмасдан ушбу фаолият тури билан қайси тартибда шуғулланса бўлади?
Жавоб: – Тадбиркорликнинг “Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш” бўйича рўйхатдан ўтган тақдирда лицензия талаб қилинади. “Тантанали маросимларни ташкил этиш хизматлари”ни (тўй, юбилей, туғилган кун ва ҳоказо) амалга оширилиши бўйича давлат рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият кўрсатилса, фаолиятни амалга оширадиган ҳудуд бўйича қатъий белгиланган (даромад) солиқ ва суғурта бадали тўланади.
Савол: – Тўй ва бошқа тантанали маросимларда аҳолига сухандонлик, фото ва видео тасвирга тушириш хизмати билан ҳам алоҳида ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият кўрсатиш мумкинми?
Жавоб: – Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатида “Видео ва фотосуратга олиш хизматлари” фаолиятини амалга ошириш белгиланган бўлиб, ушбу фаолият билан рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор фаолиятни амалга оширадиган ҳудуд бўйича қатъий белгиланган (даромад) солиқ ва суғурта бадали тўлайди.
Хизмат кўрсатувчи шахсларимиз амалдаги тартиб бўйича “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан берилган лицензияга эга бўлиб, ҳар ой якунида энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида суғурта бадали тўловини тўлашлари керак.
Лицензиясиз фаолиятни амалга оширмоқчи бўлган шахслар эса якка тартибда тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, республика миқёсида фаолиятини амалга оширмоқчи бўлса, ҳар ойда энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида, вилоятимизда мазкур фаолиятни амалга оширмоқчи бўлса, энг кам иш ҳақининг бир ярим баравари миқдорида, шунингдек, вилоятнинг маълум бир туманида фаолият кўрсатмоқчи бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар энг кам иш ҳақининг икки ярим баравари миқдорида қатъий белгиланган солиқ ва энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида суғурта бадали тўловини тўлашлари лозим.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, айрим ижтимоий тармоқларда баъзи санъаткорларимиз мурожаат билан чиқиб, лецензиядан ташқари энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида суғурта бадали тўловини тўлашни бекор қилишни талаб қилишмоқда.
Эслатиб ўтамиз, энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида суғурта бадали тўлови барча фуқаролар, жумладан, мурожаат этувчиларнинг ҳам келгусидаги пенсия таъминотини кафолатлашга қаратилган.
Шундай экан, ҳурматли санъаткорлар, сухандон ва бошловчилар, тасвирчилар, барчангизни амалдаги тартиб ва қоидаларга риоя қилиб, жорий қилинган тўловларни кечиктирмасдан тўлашга чақирамиз.
Унутманг, сиз тўлаётган тўловлар солиқ йиғимларига кирмайди. Аксинча, ушбу маблағлар келгусида ўзингизга пенсия тўловлари сифатида қайтариб берилади.