Халқ банки халқ хизматида

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки томонидан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Юртимиз банк-молия тизимида рўй бераётган ўзгариш, янгилик ва яратилаётган қулайликлар самарасида Халқ банки томонидан ҳам аҳоли учун валютанинг эркин конвертацияси йўлга қўйилди, пластикдан нақд пул олиш имкониятини берувчи 25 банкомат ўрнатилди. Айни пайтда банк томонидан яна 200 банкомат сотиб олиш бўйича шартнома тузилган. Уларни жорий йил якунига қадар ва 2019 йилнинг январь ойида ўрнатиш кўзда тутилган.

Бугунги кунда юртимизда банкнинг 3 минг 200 дан ортиқ муассасалари мижозлар учун хизмат кўрсатиб келмоқда. Жорий йилнинг 9 ойида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 1 триллион 426,4 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 фоизга ўсган. Шунингдек, банк томонидан озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни, чорвачиликни кенгайтириш, хизмат кўрсатиш ва сервис турларини ривожлантириш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунар коллежи битирувчилари ҳамда аёллар тадбиркорлигига кенг йўл очиш бўйича кредит ажратилмоқда.

– Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантиришга Халқ банки масъул этиб бириктирилган, – деди банкнинг кредит операциялари департаменти бошқарма бошлиғи Шерзод Хўжанов. – Шундан келиб чиқиб, банк томонидан 2018-2019йиллар давомида республикамиз ҳудудида чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган дастурга кўра, 876 лойиҳа асосида 71 минг 434 бош наслли қорамол, 17 минг наслли эчки, 42 минг 230 қоракўл ва ҳисори қўй ҳамда 1 минг 200 бош туя олиб келинади. Бунинг натижасида 6 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Банк томонидан хўжалик юритувчи субъектларга банкдан тўлов терминаллари олиш учун электрон ариза бериш амалиёти, “Халқ мобайл” мобиль иловаси орқали онлайн конверсия ва онлайн депозит хизматлари йўлга қўйилди. Шунингдек, мобиль илова ёрдамида QR-код орқали товар ва хизматларга жойида тўлов қилиш ҳамда кредит олиш учун онлайн ариза топшириш каби замонавий банк хизматларини жорий этиш ишлари йўлга қўйилган.

photo5404660891531716963.jpg

 

Даврон Суннатов, ЎзА