Агар “Пахтакор” бугун ютқазса, “Локомотив” салкам чемпион бўлади

“Локомотив” “Пахтакор”ни тўққиз очкога ортда қолдиради, агар бугун “шерлар” “Навбаҳор”га очко йўқотса…
Кеча мамлакат миллий чемпионатининг Пепси Супер лигасида 28-турнинг учта ўйини ўтказилди. Унда кўпчиликнинг диққати “Локомотив” ва “Металлург” учрашувига қаратилганлиги бор гап. Сабаби, чемпионлик учун курашда “Локомотив” бир эмас иккита жамоага “халақит” беряпти – “Пахтакор” ва “Навбаҳор”.
Фақат бош соврин учун мавсум бошидан “тиш-тирноғи” билан тиришаётган “Пахтакор” биринчи босқичда анча бемалол ҳаракат қилди, сабаби турнир жадвалида юқорида эди. Иккинчи босқичда вазият ўзгаргач, кучли олти жамоа “олтин очколар” билан курашни давом эттириши маълум бўлгач “Пахтакор”чилар “уйғонишди”, бироқ бунда бироз кеч бўлганди. Устига-устак, иккинчи босқичда ҳам очколар йўқотишга тўғри келди. Ҳали ҳам чемпионликдан воз кечмаган жамоа Ўзбекистон Кубогига умид қилди, аммо бундан ҳам “қуруқ” қолди. АГМКга қарши очиқ ўйинда мағлубиятга учради. Энди бор умид иккинчи ўриндан, сабаби “Локомотив” “иссиқ жойини” осонгина бериб қўймаслиги аён. Шунинг учун ҳам “темирйўлчилар” бекободликларга қарши ўйинда ҳам фақат ғалаба учун тўп суришди. 90 дақиқа давомида “Локомотив” ишқибозлари “игна устида” ўтиришди, учрашувнинг асосий вақти тугаб, қўшимчаси бошланганидагина Анзур Исмоилов томонидан киритилган гол мезбонларга қадрли яна уч очкони тақдим этди.
Қуйи олтиликдаги иккита ўйин ҳам қизиқарли кечди. “Қизилқум” ўз майдонида “Сўғдиёна”ни қабул қилди. Артур Геворкяннинг иккита голига меҳмонлар ҳам иккита гол билан жавоб қайтаришди. Натижада, дуранг қайд этилди ва “Сўғдиёна” бир кунга бўлса-да, яна пешқадамлик мавқеига қайтди.
“Нефтчи” ва АГМК ўйинида ғалаба айниқса майдон эгаларига муҳимроқ эди. Сабаби, бу олтиликда жамоалар асосан аутсайдерга айланмаслик учун “жон олиб, жон беришяпти”. Бироқ қайд этилган дуранг ҳеч бир жамоанинг турнир жадвалидагиэгаллаб турган ўрнига таъсир кўрсатмади, фарғоналиклар қуйидан биринчилигича қолди.
Бугунги ўйинлар натижалари ҳам бугунги турнир жадвалида юз бериши мумкин бўлган ўзгаришларга деярли таъсир кўрсатмайди. Бироқ кейинги турлар учун муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, “Пахтакор” учун. Турнинг марказий ўйини сифатида эътироф этилаётган “Пахтакор” ва “Навбаҳор” жамоалари ўйинида майдон эгаларининг ғалабаси “Локомотив” билан фарқни тўққизтадан олтитага туширади, бош соврин учун курашиш имкониятини сақлаб қолади, лекин иккинчи ўрин учун имконият кафолатини оширади. Мағлубият эса бош совриндан умидини узишга хизмат қилса, “Навбаҳор”га яхшигина замин яратади. Лекин турнир жадвалидаги ўринлар бу турда ҳам сақланиб қолаверади.
28-тур ўйинлари. 31 октябрь.
“ҚИЗИЛҚУМ” – “СЎҒДИЁНА” – 2:2
 
Голлар: Артур Геворкян (24, 82) – Ойбек Нурматов (32), Сернас Дарвидас (90+3).
“ЛОКОМОТИВ” – “МЕТАЛЛУРГ” – 1:0
Гол: Анзур Исмоилов (90).
“НЕФТЧИ” – АГМК – 1:1
Голлар: Андрей Сидоров (14) – Жасур Ҳасанов (83).
Бугун бўлиб ўтадиган ўйинлар:
“НАСАФ” – “ҚЎҚОН-1912”
“ПАХТАКОР” – “НАВБАҲОР”
“БУХОРО” – “БУНЁДКОР”.

 

Ойбек Юнусов, ЎзА