Токиода ўтказилган Ўзбекистон-Япония, Япония-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик қўмиталарининг навбатдаги мажлиси доирасида мамлакатимиз ишбилармон доиралари ва Япониянинг “Мицубиси Корпорэйшн”, “Атомикс” каби компаниялари, халқаро ҳамкорлик агентлиги ўртасида энергетика, нефтгазкимё, енгил саноат соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ҳужжатлар имзоланди.
Бу ҳақда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси маълум қилди.
Шунингдек, Япониянинг халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) билан телекоммуникация соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилган. Бундан ташқари Марказий банк Сумитомо Мициу банки билан ҳамкорлик битимини имзолаган.
Мажлисда томонлар икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида алоқаларни фаоллаштириш ва ўзаро ҳамкорликни кучайтириш бўйича ҳам музокара олиб борган.
Ушбу тадбир Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси кўмагида ўтказилган бўлиб, унда Япония томонидан “Мицубиси”, “Марубени”, “Сумитомо”, “Иточу”, “Тойота”, “Кавасаки”, “Сожитц Корпорэйшн”, “Мицуи”, “Ниссан”, “Хитачи” каби 50 дан зиёд етакчи компаниялар, банклар вакиллари иштирок этган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг январь-сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги савдо айланмаси 300 миллион доллардан зиёдни ташкил қилган. Бугунги кунда юртимизда кунчиқар мамлакат сармояси иштирокида 7 компания, 17 корхона нефтгаз, кимё, машинасозлик, транспорт логистикаси хизматлари, туризм каби соҳаларда фаолият кўрсатмоқда.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА