​Маърифат ҳафталиги

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда бир қатор вазирлик, ташкилотлар билан биргаликда «Infolib Uzbekistan-2018» VII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ташкил этилди.
1-faqat saytga.JPG
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари С.Шукуров, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Абдуазизов ва бошқалар Президентимизнинг китобхонликни кенг тарғиб этишга оид қарорлари матбаа маҳсулотлари, айниқса, китоб нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш борасида янги имкониятларни очиб бераётганини таъкидлади.
“Infolib Uzbekistan-2018” VII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бу борадаги ишлар билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш имконини бериши билан аҳамиятлидир. Ҳафталик юртимиздаги ахборот-кутубхона фаолиятини такомиллаштириш бўйича фикр алмашиш майдончаси ҳисобланади.
Унинг асосий мақсади – ахборот маданиятини юксалтириш, миллий маданий меросимизни асраш, ёшларнинг мутолаага бўлган қизиқишини ошириш, ахборот-кутубхона фойдаланувчиларига интернет орқали хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришдан иборатдир. Шу билан бирга мазкур ҳафталик кутубхоналар фаолиятига оид янги замонавий технологиялар билан ўқувчиларни кенгроқ таништириш, аҳолининг турли қатламларига хизмат кўрсатишни ташкил этишда кутубхоналарнинг ижтимоий-маданий ролини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳафталик доирасида “Китоб ва китобхонлик – инсон маънавияти кўзгуси” мавзусида республика семинари, “Ахборот-кутубхона муассасасининг энг яхши мутахассиси – 2018” танловининг республика босқичи бўлиб ўтади. Шунингдек, АҚШ Конгресс кутубхонаси билан биргаликда кутубхона фондларини рақамлаштириш ва сақлаш соҳасида тажриба алмашиш мақсадида видеоконференция, ахборот-кутубхона муассасалари мутахассисларининг библиографик билимини ошириш бўйича “Библиограф мактаби”нинг назарий ва амалий машғулотлари, “Каталогизатор мактаби” – Ахборот-кутубхона ресурсларини каталоглаштириш ўқув тренинги ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.
EBSCO Information Service – хорижий электрон базасидан фаол фойдаланган фойдаланувчиларни тақдирлаш маросими, “Кўҳна Турон 100 ёшда” Тошкент вилояти “Турон” ахборот-кутубхона марказининг 100 йиллигига бағишланган юбилей тадбири, “Назм ва наво“ кечаси турли ёшдаги китобхонлар учун мўлжалланган бўлса, “eIFL“ – очиқ хорижий электрон базалардан фойдаланиш бўйича семинар илмий-маърифий жамоатчилик учун, “Моддий-маданий мерос объектларининг ўзаро интеграцияси” мавзусида давра суҳбати музей, архив, кутубхона соҳаси мутахассислари учун ғоят қизиқарли бўлишига шубҳа йўқ.
Тадбир доирасида турли ижодий учрашувлар, тақдимотлар, китоблар кўргазмаси, интеллектуал викториналар бўлиб ўтиши кўзда тутилган.
Маърифий ҳафталик “Бетгерхонлик – 2018. Миллий кутубхона ва ахборот-кутубхона марказлари бирлашуви – ахборот-кутубхона соҳаси ривожига қўйилган муҳим қадам” мавзусидаги анжуман билан бошланди.

 

Н.Усмонова, ЎзА