Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, инвестиция лойиҳалари ижросининг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2 июнь куни Андижон вилоятига ташриф буюрди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Андижон вилояти ҳам изчил ривожланмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси ўзгариб, одамларнинг турмуш фаровонлиги ошиб бормоқда.
Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида вилоятда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Йирик саноат корхоналари, коммуникация тармоқлари, ижтимоий объектлар, кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Андижон шаҳридаги Ўзбекистон, Мустақиллик, Истиқлол, Бобур кўчаларининг замонавий қиёфаси вилоятнинг бугунги тараққиёти ифодасидир.
Андижонда саноат, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, савдо, хизмат кўрсатиш, санъат, спорт каби соҳалар изчил ривожланмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 9,5 фоиз ўсган.
Вилоятда беш мингга яқин саноат корхонаси фаолият юритмоқда. Асака шаҳридаги “Женерал моторс Ўзбекистон” қўшма корхонаси бу борада алоҳида ўринга эга. Бу завод мамлакатимизда янги тармоқ – автомобилсозлик саноатига асос бўлди, у билан боғлиқ инфратузилмалар, хизмат соҳалари шаклланди. Заводда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, экспорт географиясини кенгайтириш ишлари давом эттирилмоқда.
Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланмоқда. Уларнинг сафи кенгайиб, товар ва хизматлар тури ортиб бормоқда. Меҳнат билан банд аҳолининг 84 фоиздан зиёди шу соҳада фаолият кўрсатмоқда.
Шавкат Мирзиёев 2016 йил 1 ноябрь куни Андижон вилояти сайловчилари билан учрашувда вилоят иқтисодиётини янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли режа ва мақсадларни баён қилган эди. Давлатимиз раҳбари Андижонга ташрифи давомида ана шу режалар, Ҳаракатлар стратегияси ижроси, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар ва амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифини “Боғи Бобур” истироҳат боғи билан танишишдан бошлади.
Мазкур истироҳат боғи Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 510 йиллиги муносабати билан фойдаланишга топширилган. Бобур халқаро жамоат фонди тасарруфидаги сўлим маскан 357 гектар майдонни эгаллаган. Боғда Бобур Мирзонинг рамзий қабри ва ҳайкали, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи барпо этилган. Бобур ҳаёти ва меросини ўрганишга бағишланган халқаро илмий экспедиция томонидан олиб келинган ноёб қўлёзмалар, китоблар ва тарихий ашёлар ўрин олган музей мамлакатимиздаги диққатга сазовор масканлардан бирига айланган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан истироҳат боғини янада обод қилиш, музейни таъмирлаш ва фаолиятини кенгайтириш режалаштирилган.
Бобур Мирзо халқимизнинг буюк фарзанди. Адабиёт, илм, маърифат нуқтаи назаридан у ҳамон яшаяпти. Бу масканни янада обод қилиш зарур. Ўзлигимизни англаб, буюк тарихимизни ёшларга тушунтирсак, илм-маърифатни ривожлантирсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз, деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз музей экспонатлари билан танишди. Олимлар ва нуронийлар билан мулоқотда бўлди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари халқимизнинг қадимий тарихи ва маънавий меросини чуқур ўрганиш, маданият масканларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев “Андижон биокимё заводи” акциядорлик жамияти томонидан Хўжаобод туманида ташкил этилган боғни бориб кўрди.
Халқимиз фаровонлиги, юртимиз бозорлари тўкинлигига Андижон фермер ва деҳқонлари муносиб ҳисса қўшмоқда. Пахта майдонлари қисқартирилиб, қишлоқ хўжалиги таркибий ўзгартирилаётгани натижасида мева-сабзавот етиштириш кўпаймоқда, экспорт ҳажми ошмоқда.
Хўжаобод туманидаги лалми майдонда ташкил этилган ёнғоқзор ва токзор ҳам шу мақсадга қаратилган. Туманда 20 гектарга Калифорния ёнғоғи, 23 гектарга ток экилган. Келгусида экин майдони кенгайтирилиб, мева турлари кўпаяди. Қатор ораларига булғор қалампири, пиёз, картошка, ловия, мошнинг харидоргир навлари ва бошқа сабзавотлар экилади.
Президентимиз ўрмон хўжалигини ривожлантиришга оид қарор мазмун-моҳияти ҳақида тўхталди. Андижоннинг илмий ва меҳнат салоҳиятидан фойдаланиб, бу йўналишда илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этиш, харидоргир маҳсулотлар етиштириш орқали халқимизнинг даромадини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади. Андижон қишлоқ хўжалиги институти ва тегишли коллежларда ўрмончилик соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Шу ерда Қўрғонтепа туманидаги “Боғи Фурқат” фермер хўжалиги базасида қишлоқ хўжалиги уруғчилиги ва кўчатчиликни ривожлантириш лойиҳаси намойиш қилинди. Бу ерда замонавий биотехнология асосида лаборатория ташкил этилиб, вируссиз уруғ ва кўчатлар етиштириш йўлга қўйилади. Бундай ўсимликлар касалликларга чидамли, ҳосилдор бўлади. Қиймати 1 миллиард 600 миллион сўм бўлган ушбу лойиҳа самарасида ёнғоқ, бодом, узум, помидор, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг уруғ ва кўчатлари етиштирилади, агросаноат тармоқларига ва аҳолига етказиб берилади. 38 иш ўрни яратилади.
Одамлар далага кирдими, албатта, даромад топсин. Такрор айтаман, халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги салоҳиятини янада ошириш мақсадида барча ҳудудларда гидропоника усулида иссиқхоналар барпо этиш режалаштирилмоқда. Ихчам ва самарадор бундай иссиқхоналар юқори сифатли полиз маҳсулотлари етиштириш, минглаб иш ўринлари яратиш имконини беради.
Президентимиз Хўжаобод туманидаги «Навигул» қўшма корхонаси ҳудудида ташкил этиладиган мева-сабзавотларни қайта ишлаш, музлатиш ва сотишга ихтисослаштирилган йирик логистика комплекси лойиҳаси билан танишди.
“Навигул” Ўзбекистон – Германия қўшма корхонасида жаҳон бозори конъюнктураси талабидан келиб чиқиб, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, ички бозорни йил давомида мева-сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бугун бу ерда тайёрланаётган томат пастаси, қуритилган булғор қалампири, бақлажон, шунингдек, олма, олча, ўрик қоқиси сингари маҳсулотлар нафақат мамлакатимиз, балки хорижда ҳам харидоргир.
«Ўзвиносаноат-холдинг» компанияси негизидаги «Тошкент вино комбинати» акциядорлик жамияти ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан ҳамкорликда қўшма корхона ҳудудида «Fruit industries» масъулияти чекланган жамияти ташкил этиш режалаштирилган. Янги корхона мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш, шарбат тайёрлаш ва экспорт фаолияти билан шуғулланади. 6 гектар майдонда кўчат етиштириладиган иссиқхона, 255 гектар майдонда томчилатиб суғориладиган интенсив боғ ташкил этилади, 615 гектар майдонда сабзавот етиштирилади, 7 минг тонна мева-сабзавотни сақлашга мўлжалланган музлатгич қурилади.
Давлатимиз раҳбари корхонанинг дастлабки босқичи – мева-сабзавотларни қуритиш линиясининг иш бошлашига бағишланган рамзий тугмани босди. Технологик линиянинг иш жараёнини кузатди. Қуритилган маҳсулотлар намуналари билан танишди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 24 миллион доллар бўлиб, шундан 14 миллион доллари Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, қолгани корхона маблағлари ҳисобидан қопланади.
Корхонани шу йилнинг учинчи чорагида тўла ишга тушириш режалаштирилган. Бу ерда йилига 30 минг тонна мева-сабзавот қайта ишланади, 1 минг 250 иш ўрни яратилади.
Асака туманидаги «Обод турмуш орзуси» фермер хўжалигида ташкил этиладиган мева-сабзавотларни қуритиш ва музлатгич ташкил этиш, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси ва тижорат банклари ҳамкорлигида 2017-2018 йилларда амалга оширилиши режалаштирилаётган озиқ-овқат соҳасини ривожлантириш дастури лойиҳалари намойиш этилди.
Президентимиз мазкур лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, янги корхоналарни малакали мутахассислар билан таъминлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. Янги ташкил этилаётган корхоналарга хомашёни вақтида етказиб бериш лозимлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарига «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси ва тижорат банклари ҳамкорлигида вилоятда 2017-2018 йилларда амалга оширилиши режалаштирилаётган чармпойабзал соҳасини ривожлантириш дастури ва соҳага доир бошқа лойиҳалар, бозорлар инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича режалаштирилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳалар билан танишар экан, тайёрланадиган маҳсулотларни нафақат ички бозорга етказиш, экспортга ҳам чиқариш чораларини кўриш зарурлигини қайд этди.
Президентимиз «Хонобод» санаториясини бориб кўрди. Санатория ҳудудини ободонлаштириш, қурилиш ишларини охирига етказиб, оромгоҳни келгуси йили Наврўз байрамига фойдаланишга топшириш бўйича кўрсатмалар берди.
Хонобод шаҳрини ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ барча жойларда шинам турар жойлар бунёд этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Бўз тумани “Чорвадор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилган ана шундай уйларни бориб кўрди. Акмал ва Зилолахон Раҳмоновлар хонадонида бўлиб, яратилган шароитлар, оиланинг турмуши, фарзандлар тарбияси билан қизиқди.
Ушбу маҳаллада майдони 2 сотихли, уч хонали 10 замонавий уй бунёд этилган. Уйлар табиий газ, тоза ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминланган.
Шавкат Мирзиёев бундай турар жойларни кўпроқ қуриб, одамларга муносиб шароитлар яратиш доимо эътиборда бўлмоғи зарурлигини таъкидлади. Мутасаддиларга уй-жойларни аҳоли истаги ва замон талаблари асосида лойиҳалаштириш ва бунёд этиш юзасидан тавсиялар берди.
Президентимиз Бўз туманида енгил саноат соҳасидаги лойиҳалар билан танишди.
Андижон вилоятида 20 йирик енгил саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда.
«Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти ва тижорат банклари ҳамкорлигида Андижон вилоятида 2017-2018 йилларда 19 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Уларнинг самарасида тармоқнинг экспорт салоҳияти 2,8 баробар ошади, қарийб 9 минг 850 иш ўрни яратилади.
Ушбу лойиҳаларнинг 8 таси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг молиявий кўмагида Андижон шаҳри, Андижон, Пахтаобод, Шаҳрихон, Бўз, Балиқчи туманларида амалга оширилади. Мазкур лойиҳалар 4,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 1 минг 325 кишини иш билан таъминлаш имконини беради.
Хўжаобод туманидаги «Нил Гранит» масъулияти чекланган жамияти «Samo» бренди остида йилига 5 миллион дона тайёр кийим ишлаб чиқармоқда. 480 киши меҳнат қилаётган корхона маҳсулотлари Россия, Украина, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
Корхонада ип-калава ва мато бўяш, тайёр мато ишлаб чиқариш ва уларга безак беришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бунинг самарасида экспорт ҳажмини йилига 25 миллион долларга етказиш, қўшимча 1 минг 180 иш ўрни яратиш мўлжалланган.
«Олтин мато текс» масъулияти чекланган жамияти томонидан Андижон шаҳрида ташкил этиладиган корхона ҳам соҳадаги истиқболли лойиҳалардан биридир. Корхонада Япония, Бельгия, Туркиядан келтириладиган ускуналар асосида тайёр кийим-кечаклар, трикотаж мато, ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
«Водий саноат фахри» ва «Сайёра фаввораси» масъулияти чекланган жамиятларида ҳам ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулотларни жаҳон бозорига чиқариш, аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
Президентимиз мазкур лойиҳаларнинг ташаббускори бўлган тадбиркорлар билан суҳбатлашди. Бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда маҳсулот тайёрлаш, замонавий технология ва тенденциялардан кенг фойдаланиш, аниқ ҳисоб-китоб билан иш юритиш бўйича тавсиялар берди.
Президентимиз Олтинкўл туманидаги “Бахт имкон ривож чорваси” кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти билан танишди.
Хўжаликда 2 минг бошга яқин зотли қорамол, 300 бош наслли эчки боқилмоқда. Илғор технологиялар асосида иш ташкил этилган хўжаликда маҳсулдорлик юқори. Ҳар бир сигирдан кунига 25-28 литр, эчкидан 3-3,5 литр сут соғиб олинмоқда. Умуман, хўжалик томонидан сутни қайта ишлаш корхоналарига бир кеча-кундузда қарийб 20 тонна сут етказиб берилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Германиядан келтирилган зотдор эчкиларни боқиш жараёни, юртимиз иқлимига мослашиши билан қизиқди.
Эчки сутининг сифати юқорилиги кўпчиликка маълум. Эчки сути тиббий хусусиятларга эга бўлиб, ошқозон касалликлари, камқонлик, кўз нури пасайишининг олдини олиш ва диатезда фойдалидир.
Эчки сути узоқ вақт яхши сақланади. Хона ҳароратида уч кун, музлатгичда бир ҳафтадан кўп вақт давомида ўз хусусиятини йўқотмайди. Эчки сутида кўп миқдорда калий бўлиб, юрак-нафас олиш тизими фаолиятини яхшилайди.
Фермер хўжалигида қўшимча иш ўринлари яратиш мақсадида янги лойиҳалар амалиётга татбиқ қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбарига кўрсатилган лойиҳага кўра, 700 бош наслли эчки олиб келиш орқали янги тармоқ йўлга қўйилади. Истиқболи юқори баҳоланаётган мазкур лойиҳани жорий йилда ишга тушириш мўлжалланмоқда.
Чорвачилик сердаромад соҳа ҳисобланади, буни унутмайлик, деди Президентимиз. Шифобахш бўлган эчки сутига нафақат юртимизда, балки чет элда ҳам талаб юқори. Шунинг учун бу соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозим.
Вилоятнинг Улуғнор туманидан фермер хўжалигига 300 гектар ер ажратилган. Бу ернинг 200 гектарига ёнғоқ, 100 гектарига унаби экилиб, томчилатиб суғориш технологияси йўлга қўйилади.
Фермер хўжалигининг яна бир истиқболли лойиҳаси биогаз ишлаб чиқариш тармоғидир. Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий технологиялар ёрдамида йилига 600 минг куб метр биогаз ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга тушгач, 40 янги иш ўрни яратилади.
Президентимиз лойиҳалар доирасида олиб борилаётган ишлар юзасидан тегишли тавсиялар берди.
Шавкат Мирзиёев вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишди.
Улуғнор туманида ташкил этиладиган 2000 бош қорамол ва 10 000 бош наслли эчки боқишга мўлжалланган чорвачилик комплекси ва сутни қайта ишлаш лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Лойиҳа ҳақида батафсил маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари аҳолини сифатли сут ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш муҳим вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Бўз туманидаги «Evro Ekfin» масъулияти чекланган жамияти жаҳон бозори талабларидан келиб чиқиб, энг сўнгги технологиялар асосида сутни қайта ишлаш ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширмоқда.
Бугунги кунда қурилиш ишлари олиб борилаётган чорвачилик комплексида 2 минг бош наслли қорамол боқиш кўзда тутилган. 200 кишининг бандлиги таъминланадиган комплекс ишга тушгач, йилига 13 минг тонна сут етказиб берилади.
Асака туманидаги «Умид» хусусий корхонасининг парранда боқишга ихтисослашган комплекси лойиҳаси ҳам кўрилди. Ҳозирги кунда корхонада 80 минг парранда боқилмоқда. Янги лойиҳага кўра, 80 миллион дона тухум ва 150 тонна парранда гўшти етказиб берилади. Мажмуа ишга тушгач, 100 киши доимий иш жойига эга бўлади.
Олтинкўл туманида томорқалардан унумли фойдаланиш борасида илғор тажриба тўпланган. Айниқса, «Кўмакай», «Чўнтак» маҳалла фуқаролар йиғинларида иш намунали йўлга қўйилган. Давлатимиз раҳбари тижорат банклари ва тадбиркорлар томонидан аҳоли хонадонларига лимон, унаби ва ёнғоқ кўчатлари ва парранда етказиб бериш дастурининг ушбу туман мисолидаги тақдимоти билан танишди. Лойиҳаларни янада такомиллаштириш, уларни белгиланган муддатларда ишга тушириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
Давлатимиз раҳбари раислигида Андижон вилояти ҳокимлигида ўтган йиғилишда вилоят иқтисодиётини янада ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА