Пойтахтимиздаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида 2 октябрь куни «Ўзбекистон – Франция: тарих ва бугунги муносабатлар» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, қатор вазирлик ва идоралар, дипломатик корпус, илмий доиралар вакиллари, дўстлик жамиятлари мутасаддилари, ахборот-таҳлил марказлари ходимлари, экспертлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Францияга ташрифи арафасида ташкил қилинган ушбу тадбирда Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги тарихий алоқалар, маданий-гуманитар, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолати, инвестициявий шерикликни ривожлантириш истиқболлари, транспорт-коммуникация, туризм ва бошқа соҳалардаги муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги сиёсий мулоқот юксак суръатда ривожланмоқда. Қатор қўшма тадбирлар туфайли манфаатли шериклик алоқалари тобора кенгаймоқда. Парламентлараро алоқаларга, илмий-техникавий соҳадаги ҳамкорликка алоҳида эътибор берилмоқда.
Франциянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильморнинг таъкидлашича, ўзаро муносабатларда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўп. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар ривожига янги суръат бахш этади.
Франция Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим савдо шерикларидан. 2017 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 251 миллион АҚШ долларидан ошди. Айниқса, фармацевтика, нефть-газ, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорлик изчиллик билан ривожланмоқда. Мамлакатимизда Франция капитали иштирокидаги 16 қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Тадбирда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, иқтисодиётни либераллаштириш, инвестициявий жозибадорликни оширишда Франция ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, ташқи сиёсий маслаҳатлашувларни мунтазамлаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.