Эндиликда иккинчи олий таълим бўйича бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида 3- ва 4-курсларда таълим олаётган талабалар ўқишини сиртқи таълим шаклига ўтказишлари мумкин. Ушбу жараён талабаларнинг аризаларига кўра амалга оширилади.
Бунга Олий таълим муассасалари ҳамда фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари инобатга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг жорий йил 17 сентябрда ишлаб чиққан баёни асос бўлади.
Аммо, бу жараённи филология ва тилларни ўқитиш (хорижий тиллар бўйича, шу жумладан, рус тили), хорижий тил ва адабиёти (тиллар ўйича), она тили ва адабиёти (рус тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти ўзга тилли гуруҳларда) таълим йўналишлари, шунингдек, тиббиёт олий таълим муассасаларида ўқиётганлар билан амалга ошириб бўлмайди.
Ҳужжатда олий таълим муассасаси бўйича ҳар бир таълим йўналиши кесимида (таълим тили) ариза топширганлар сони 7 нафардан кам бўлган ҳолда талабаларни сиртқи таълим шаклига ўтказиш, акс ҳолда, рад этиш белгиланди.
Кундузги таълим шаклидан сиртқи таълим шаклига ўтказилган талабалар учун тўлов-контракт миқдори 2018-2019 ўқув йилида 2-мутахассисликка қабул қилинган талабалар учун бир хил этиб белгиланади.