Шуманайлик ҳунарманд Розалия Матирзаева бошқараётган “Уста-шогирд” мактаби ўтов учун зарур анжомлар, ўйинчоқлар ҳамда талабга кўра турли иссиқ оёқ кийимлар тайёрлайди.
ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси қўллаб-қувватлаши билан мамлакатимизда бўлиб турган гилам маҳсулотлари бўйича етук мутахассис мўғулистонлик профессор Батсайхан Циен-Ойдов ушбу мактабда ўз маҳорат дарсларини бошлади. У ҳунармандларимизга кигиз гилам ишлаб чиқаришнинг янги усулларини, кигиздан ҳар хил маҳсулотлар яратишни ўргатмоқда.
– Мактабимизда 6 киши доимий иш билан таъминланган, – дейди ҳунарманд Розалия Матирзаева. – Биз аввал кигиздан асосан ўтов учун керакли анжомлар ишлаб чиқарар эдик. Энди гилам ишлаб чиқаришни, бунинг учун кигизни тайёрлашнинг янги усулларини ўрганяпмиз. Шунингдек, кигиздан иссиқ кийимлар тайёрлаш мумкин экан. Мўғулистонлик мутахассис билан ўз тажрибамизни ўртоқлашиб, тажрибаларимиз бойимоқда. Бу эса бизнинг ишлаб чиқаришимизнинг кенгайишига хизмат қилади.
Яқинда туман ҳокимлиги ҳудуддаги бўш турган бинони қайта таъмирлаб ушбу мактабга ажратиб берди. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қўллаб-қувватлаши билан Хива шаҳридан 10 дона гилам тўқийдиган ускуналар олиб келиб ўрнатилди.
Бу ерда тайёрланаётган ҳар хил оёқ кийимлар харидоргир бўлиб, хорижий сайёҳлар орасида ҳам сўровчилар кўп.
Есимхон Қаноатов, ЎзА