11 сентябрь куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Япониянинг педагог кадрлар тайёрлайдиган бирнечта олий таълим муассасалари профессорлари ва илмий ходимлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Япония илмий ривожлантириш жамиятининг «Ижтимоий ва табиий фанларни барқарор ривожлантириш бўйича глобал ўқув дастурларини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида ташкил этилган илмий тадқиқот делегацияси билан ўтказилган учрашувнинг дастлабки қисмида Орол бўйи минтақасидаги мактабларда ўқувчиларнинг экологик билимини юксалтириш, бунинг учун таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, экология ва атроф муҳит муҳофазаси йўналишида Нукус давлат педагогика институтида олий маълумотли кадрлар тайёрлашнинг ўзига хос томонлари бўйича институт ректори ва проректорлар билан ўз аро фикр алмашилди.
Цукува университети таълим институти профессори Ёсиясу Ида, Токио Гакугей университети профессори Масатака Араи, Доккё университети профессори Хироаки Акимото, Дзёэцу педагогика институти профессори Такаси Симура, Миэ университети профессори Сигефуми Нагата ва бошқа япониялик олимлар институтда жамиятшунослик ва табиатшунослик соҳаларида амалга оширилаётган илмий тадқиқот ишлари, уларнинг мазмун-моҳияти билан танишиш ва келгусида биргаликда илмий-педагогик алоқалар ўрнатиш бўйича ўз таклифларини билдирди.
– Япония мактабларида ўтказиладиган география дарсликларида Орол денгизи ҳақида маълумотлар бор. Аммо, булар бизнингча жудаям оз. Биз ушбу дарсликларга денгизнинг қуриган тубидаги ҳозирги экологик ҳолат, бу ерда мамлакат президенти ва ҳукумат раҳбарлигида экологик барқарорликни яхшилаш мақсадида олиб борилаётган ишлар, уларнинг самарадорлиги тўғрисида маҳаллий олимларнинг илмий тадқиқотлари натижасида аниқланган маълумотларни ҳам киритишни режалаштирганмиз, – дея таъкидлади Цукува университети таълим институти профессори Ёсиясу Ида.
Учрашув институтнинг кимё-биология ва тарих-география факультетларида профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар билан мавзу бўйича ўз аро фикр алмашиш ва савол-жавоблар билан давом этди.
Учрашув якунида делегация вакиллари келгусида экология ва бошқа да соҳалар бўйича биргаликда илмий-педагогик ишларни олиб боришга келишиб олди.
Ислам Матеков,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.