Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги И.Савицкий номидаги давлат санъат музейида А.Шевченконинг “Челак кўтарган аёл” картинаси реставрацияси бошланганига оид брифинг ўтказилди.
Брифингда И.Грабарь номидаги Бутунроссия бадиий илмий-реставрация ва консервация марказидан ташриф буюрган реставратор Надежда Кошкина оммавий ахборот воситалари вакилларига ушбу ноёб картинанинг ҳолати, реставрация жараёнига оид маълумотларини тақдим этди.
Жорий йил июль ойида И.Савицкий номидаги давлат санъат музейида ёнғинга қарши хавфсизлик тизимининг кутилмаганда ишлаб кетиб, сув сачраши оқибатида “Челак кўтарган аёл” картинаси шикастлангани ҳақида хабар тарқалган эди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ушбу ноёб картинани қайта тиклаш учун А.С.Пушкин номидаги Давлат тасвирий санъат музейининг реставрация ва консервация бўлими раҳбари ўринбосари, И.Грабарь номидаги Бутунроссия бадиий илмий-реставрация ва консервация марказининг тажрибали реставратори Н. Кошкина таклиф қилинди.
Сентябрь ойи бошидан реставрация ишларини бошлаган мутахассис картинанинг бўёқли қатламидаги зарар етказилган майдон аниқланди, шунингдек, қатор консервациялаш жумладан, расмнинг шикастланган қисмида буёқ қатламининг энг майда фрагментларини йиғиш орқали картинанинг бутунлигини тиклаш ишлари амалга оширилди.
– Картинага зарур консервациялаш ишлари амалга оширилиши натижасида бузилиш ҳолати бартараф этилди. Картина бутунлай тикланади, – дейди рестовратор Н.Кошкина. – Олиб борилган ишлар натижасига кўра картинанинг маълум қатламидаги бузилган жойлар кўлами аниқланди.
Надежда Кошкина бутун умрини Россиянинг маданий меросини сақлашга бағишлаган. У дастгоҳли мойбўёқ картиналар бўйича етакчи реставратор сифатида юздан ортиқ ғарбий-европалик ва россиялик рассомларнинг картиналарига қайта ҳаёт бағишлаган.
Ҳозирда “Челак кўтарган аёл” картинасини тиклашнинг биринчи қисми якунланди. Реставраторнинг таъкидлашича, картинани тиклаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА