Шавкат Мирзиёев: халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Андижон биокимё заводи” акциядорлик жамияти томонидан Хўжаобод туманида ташкил этилган боғни бориб кўрди.

Халқимиз фаровонлиги, юртимиз бозорлари тўкинлигига Андижон фермер ва деҳқонлари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Кейинги йилларда пахта майдонлари қисқартирилиб, қишлоқ хўжалиги таркибий ўзгартирилаётгани натижасида мева-сабзавот етиштириш кўпаймоқда, экспорт ҳажми ошмоқда.

Хўжаобод туманидаги лалми майдонда ташкил этилган ёнғоқзор ва токзор ҳам шу мақсадга қаратилган. Бу ерда 20 гектарга Калифорния ёнғоғи, 23 гектарга ток навлари экилган. Келгусида экин майдони кенгайтирилиб, мева турлари кўпаяди. Қатор ораларига булғор қалампири, пиёз, картошка, ловия, мошнинг харидоргир навлари ва бошқа сабзавотлар экилади.

Президентимиз ўрмон хўжалигини ривожлантиришга оид қарор мазмун-моҳиятига тўхталди. Андижоннинг илмий ва меҳнат салоҳиятидан фойдаланиб, бу йўналишда илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этиш, харидоргир маҳсулотлар етиштириш орқали халқимизнинг даромадини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Андижон қишлоқ хўжалиги институти ва коллежларда ўрмончилик соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шу ерда Қўрғонтепа туманидаги “Боғи Фурқат” фермер хўжалиги базасида қишлоқ хўжалиги уруғчилиги ва кўчатчиликни ривожлантириш лойиҳаси намойиш қилинди. Бу ерда замонавий биотехнология (In vitro технологияси) асосида лаборатория ташкил этилиб, вируссиз уруғ ва кўчатлар етиштириш йўлга қўйилади. Бундай ўсимликлар касалликларга чидамли бўлади, уларни йил бўйи экиш мумкин. Қиймати 1,6 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа самарасида экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари уруғ ва кўчатлари етиштирилади, агросаноат тармоқлари ва аҳолига етказиб берилади. 38 иш ўрни яратилади.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги салоҳиятини янада ошириш мақсадида барча ҳудудларда гидропоника усулида иссиқхоналар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ихчам ва самарадор бундай иссиқхоналар юқори сифатли полиз маҳсулотлари етиштириш, минглаб иш ўринлари яратиш имконини беради.

 

Анвар Самадов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА