Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, судьялар, Судьялар олий кенгаши, Конституциявий суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Олий суд раиси К.Комилов бошқарган мажлисда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали механизми яратилишига хизмат қилаётгани қайд этилди. Айниқса, суд тизимидаги ўзгаришлар фуқароларнинг судга мурожаат қилиши, суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатининг янада кенгайишига замин яратди.
Мажлисда қонунларни қўллаш ва суд амалиёти самарадорлигини янада ошириш мақсадида тайёрланган Пленум қарорлари лойиҳалари муҳокама этилди.
Қайд этиш жоиз, 2017 йил 30 ноябрда Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармонда суд-тергов фаолияти давомида фуқаролар ҳуқуқларини муҳофаза этишнинг қонунчилик асосларини янада такомиллаштириш лозимлиги кўрсатилиши билан бирга, қонунга хилоф усуллар орқали ёки процесс иштирокчиларини қонун билан кафолатланган ҳуқуқларидан маҳрум қилиш ёхуд уларни чеклаш йўли билан олинган далиллардан фойдаланиш тақиқланди.
Бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ҳамда суднинг олдига бир қатор долзарб вазифалар қўйилган.
Хусусан, амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилганлиги ҳамда тергов-суд амалиётида айрим масалалар келиб чиқаётгани муносабати билан “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда судларнинг эътибори шахснинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда белгиланган тартибда исботлангунга қадар айбсиз ҳисобланиши ҳақидаги Конституциямизда мустаҳкамланган айбсизлик презумпциясига риоя этиш зарурлигига қаратилган.
Мазкур тамойилга суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суд томонидан риоя этилиши зарур. Жиноят-процессуал қонунчиликда ҳам қонун нормаларига қатъий амал қилиш, қонунийлик талаблари қатъий белгиланган.
Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг қонун нормаларига риоя этишдан чекинган ҳолда олинган далиллари номақбул, яъни яроқсиз, деб топилади. Ўз навбатида, номақбул далиллар юридик кучга эга бўлмай, улардан Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган ҳолатларни исботлаш учун фойдаланиш ҳамда уларни айблов асосига қўйиш мумкин эмас.
Мажлисда “Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”ги Пленум қарори лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Мазкур қарор Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартишлар, суд амалиётида айрим масалалар келиб чиқаётгани сабабли тайёрланган.
Маълумки, апелляция, кассация инстанцияси жиноят процесси иштирокчиларининг иши юқори инстанция судида қайта кўрилишига бўлган ҳуқуқлари таъминланишига қаратилган муҳим ҳуқуқий воситадир. Бундай тартибда иш юритиш маҳкум (оқланган шахс), унинг ҳимоячиси, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ҳамда улар вакилларининг шикояти, шунингдек, прокурор ва унинг ўринбосари протести бўйича қўзғатилади.
Апелляция, кассация тартибида иш юритиш Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ ҳукмнинг ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига дахлдор қисми устидан шикоят бериш ҳуқуқига эга бошқа шахслар томонидан ҳам қўзғатилиши мумкин. Булар жумласига қонунда белгиланган тартибда процесснинг у ёки бу иштирокчиси сифатида эътироф этилмаган, бироқ ўзининг ҳақиқий ҳолатига кўра суд ҳимоясига муҳтож бўлган шахслар (гаров берувчи, мулки хатланган шахс ва бошқалар) киради.
Шу сабабли биринчи инстанция суди шикоятни (протестни) қабул қилиш пайтида апелляция, кассация шикояти (протести) берган шахснинг бундай ҳуқуққа эгалигини текшириши шарт. Қонунга кўра, апелляция, кассация шикояти ҳукм чиқарган суд орқали берилади.
Пленум мажлисида муҳокама этилган яна бир қарор – “Фуқаролик ишларини суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисида”дир. Мазкур қарор фуқаролик ишларини суд муҳокамасига тайёрлашни тартибга солувчи қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида тайёрланган. Зеро, фуқаролик ишларини суд муҳокамасига тайёрлашни амалга ошириш ҳақидаги қонун талабларига риоя қилиш ишни белгиланган муддатда кўриш ва қонуний ҳал этишнинг асосий шартларидан биридир.
Фуқаролик процессуал кодексининг биринчи инстанция судида иш юритишни тартибга солувчи қоидаларига мувофиқ, судлар ушбу кодексда назарда тутилган суд муҳокамасига тайёрлашга оид барча зарур ҳаракатларни амалга оширганидан сўнггина ишни кўришга киришишга ҳақли.
Қарор лойиҳасида судларнинг эътибори ишларни суд муҳокамасига тайёрлаш барча даъво ва алоҳида тартибдаги ишлар бўйича уларни тўғри ва ўз вақтида кўрилиши ҳамда ҳал этилишини таъминлаш мақсадига эга бўлган фуқаролик процессининг мустақил босқичи ҳисобланиши ҳамда мажбурийлигига қаратилган.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Мажлисда қабул қилинган қарорлар жиноят ва фуқаролик ишларини қонуний ҳамда адолатли ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга, қонун ҳужжатларининг суд амалиётида аниқ ва бир хилда қўлланилишига, ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Пленум мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Муродов иштирок этди.