УЕФА ўтган 2017/2018 йилги мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун учталик номзодлар рўйхатини эълон қилди.
Ушбу учталик рўйхатга ўтган мавсум “Реал Мадрид“ шарафини ҳимоя қилган Криштиану Роналду, “қаймоқрангли“ларнинг яна бир футболчиси, Жаҳон чемпионати “Олтин тўп“и соҳиби Лука Модрич ҳамда “Ливерпуль“ сафида Европа Чемпионлар лигасидаги фантастик ўйинлари билан мухлислар ёқимтойига айланиб қолган Муҳаммад Салоҳ киритилган.
Умумий ўнталик рўйхатда эса Антуан Гризманн, Лионел Месси, Килиан Мбаппе, Кевин де Брюне, Рафаэьл Варан, Эден Азар ва Серҳио Рамос каби футболчиларни кўришингиз мумкин.
Айтиш жоизки, ушбу соврин 2010 йилдан буён топширилиб келмоқда. Амалдаги совриндор Роналдуда 3 та шундай мукофот бўлса, “дўсти“ Мессида 2 та бор.
УЕФАнинг энг яхши футболчисига бериладиган соврин 30 август куни Монако шаҳрида топширилади.
Дарвоқе, “Барселона“ ҳужумчиси Лео Месси илк марта учталикка кира олмади.
ЎзА