Ҳимоя ордери — бу тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат ҳисобланади.

Энди тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёллар my.gov.uz портали орқали “Ҳимоя ордери”ни олишга онлайн ариза топшириши мумкин. Мурожаат профилактика инспекторига тақдим этилган вақтдан бошлаб 24 соат ичида кўриб чиқилади. Ҳимоя ордери зўравонлик содир этган шахсга нисбатан бир қатор чекловлар қўяди. Ҳимоя ордери ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори томонидан берилади.

Бунга тазйиқ ва зўравонлик содир этишни тақиқлаш, зўравоннинг жабрланувчи билан алоқасини тақиқлаш, жабрланувчи ва зўравоннинг бир хонада бўлишини тақиқлаш, зўравон зиммасига жабрланувчининг даволаниш, етказилган моддий ва маънавий зарарини қоплаш мажбуриятини юклаш ҳамда зўравоннинг қурол сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини чеклаш кабилар киради.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ҳимоя ордери 30 кун муддатгача берилади ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида ҳабар берган шахслар ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қўриқланади.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА