Ҳуқуқий муносабат

Болани парваришлаш таътилларидан боланинг отаси, бувиси, бобоси ёки болани ҳақиқатда парваришлаётган бошқа қариндошлари ёки васийси ҳам тўлиқ ёки қисмларга бўлиб фойдаланиши мумкин.

Бунда нафақа пули қандай берилади? Бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича ойлик нафақа кимларга тўланади? Ишлаб туриб ҳам ушбу нафақани олса бўладими?

Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу бўйича тушунтириш берди.

–Меҳнат кодексининг 405-моддасига асосан ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин, аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунига қадар болани парваришлаш таътили берилиб, бу давр учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда нафақа тўланади.

Аёл ёки ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган шахслар хоҳишига кўра, болани парваришлаш таътили вақтида тўлиқсиз иш вақти шартлари асосида ёки иш берувчи билан келишув бўйича уйда ишлаши мумкин. Бунда уларнинг бола парваришлаш нафақа олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади.

Меҳнат кодексининг 186-моддасига асосан меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра ходимга ишга қабул қилиш чоғида ва кейинчалик тўлиқсиз иш вақти (тўлиқсиз иш куни (смена) ва (ёки) тўлиқсиз иш ҳафтаси, шу жумладан иш кунини қисмларга бўлган ҳолда) белгиланиши мумкин. Тўлиқсиз иш вақти ҳам муддати чекланмаган ҳолда, ҳам меҳнат шартномаси тарафлари келишган ҳар қандай муддатга белгиланиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 314-сон қарори 2-иловаси 10-бандига асосан бола парвариши бўйича нафақа парвариш қилинаётган болалар сонидан ва нафақа олувчи шахснинг меҳнат стажидан қатъи назар буджетдан ташқари ташкилотларда ишлаётган ходимларга ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 60 фоизи миқдорида тўланади.

Меҳнат кодексининг 410-моддасига асосан Ушбу Кодексда боланинг отасига ёки оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахсларга (онадан ташқари) меҳнат соҳасида қўшимча кафолатлар назарда тутилган ҳолларда, улар боланинг онаси ёки оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахс бу кафолатлардан фойдаланмаётганини тасдиқловчи ҳужжатни иш жойига топшириши керак бўлади.

Агар боланинг онаси ишламаса ҳамда боланинг парвариши ва тарбияси билан машғул бўлса ёхуд ишласа ҳамда ушбу параграфда назарда тутилган кафолатлардан фойдаланса, отага ёки оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахсларга мазкур кафолатлар берилмайди.

Демак болани икки ёшгача парваришлаш нафақасини, боланинг отаси, бобо-бувиси ёки бошқа қариндошлари ҳам олиши мумкин. Ҳам иш ҳақи, ҳам бола парваришлаш нафақасини олиш учун болани парваришлаш нафақасини олаётган шахс тўлиқсиз иш вақтида ишлаши керак бўлади. Шунда ҳам ойлик, ҳам болани парваришлаш нафақасини олади.

Гулноза Бобоева,

ЎзА