Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими томонидан Шимоли-ғарбий ҳарбий округи билан ҳамкорликда Ватан ҳимоячилари куни олдидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасида, ушбу бошқарма ҳузуридаги Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш марказида ҳамда Нукус гарнизонидаги сафарбарлик чақируви резерви батальонида бўлиб, ҳарбий хизматчилар ҳамда аскарларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Сўнгги йилларда ҳарбий соҳага бўлаётган эътибор туфайли бугунги кунга келиб юзлаб ҳарбий объектлар, дала-ўқув майдонларининг инфратузилмаси буткул янгича қиёфа касб этиб, тамомила замонавий кўринишга эга бўлмоқда. Буларнинг барчаси ҳарбий касб нуфузини ошириш, ҳарбий хизматчиларга қулай ва хавфсиз хизмат шароитларини яратишга қаратилган.
2024 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ҳарбий-маъмурий сектори томонидан навбатдаги ҳарбий объект – Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасининг янгидан қурилган биносининг фойдаланишга топширилиши бунга яққол мисолдир.
Таъкидлаш жоиз, Мудофаа ишлари бошқармаси ҳар бир ўспирин йигит учун армиянинг остонаси, ёшларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантирадиган маскан ҳисобланади. Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасининг янги биноси эндиликда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини юксалтиришга, энг сара қорақалпоғистонлик ёшларни армия сафларига тайёрлашда кўмаклашишга, халқимиз ва армиямиз ўртасидаги мустаҳкам кўприк вазифасини ўтамоқда.
Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган ҳарбий-маъмурий сектор тизими ҳақиқатан ҳам юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровон турмуши учун хизмат қиладиган тизим сифатида эътироф топган. Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига ҳамоҳанг тарзда замонавий ва кўркам кўринишда барпо этилган бошқарманинг янги биноси Қорақалпоғистон халқига хизмат қилиб, ҳарбий хизматчилар ва ходимларга жуда кўп қулайликлари билан афзал келмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, бошқарманинг маъмурий биноси 2020 йилга қадар Нукус шаҳридаги “Қорақалпоғистон” кўчасида жойлашган эди. 2020 йилда шаҳарда олиб борилган катта қурилиш ва янгиланишлар сабаб, маъмурий бино ўрнида кўп қаватли турар жой бинолари қурилди ҳамда бошқарма маъмурияти вақтинча Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасининг йиғин пунктида жойлаштирилган эди. Йиғин пункти олдидаги илгари бўш турган ер майдонида эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасининг икки қават ва ертўладан иборат маъмурий бино қад ростлади.
Замонавий дизайн асосида қурилган ва аҳолига хизмат кўрсатиш учун барча қулайликларга эга бўлган ушбу бинода навбатчиликни ўташ учун хона, бошқарув пункти, архив, жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш учун махсус жой, чақирилувчилар ва ҳисобда турувчилар ҳақида электрон маълумотлар базасини юритиш хонаси ҳамда 30 та хизмат хонаси мебель, компьютер жамланмалари ва бошқа зарур буюмлар мавжуд.
Армиянинг жанговар қудрати, салоҳияти, буюк аждодларимизнинг жасоратидан сўзловчи кўргазмали воситалар билан безатилган бинонинг ички деворлари бу ерга келган ёшларга Қуролли Кучларимиз ҳақида кенгроқ билимларга эга бўлишини таъминлайди. Олий ҳарбий таълим муассасалари ва “Темурбеклар мактаб”лари ҳақида батафсил маълумотларни етказади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА