Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ҳамда Чимён тоғлари, Қизилқум чўли ва Орол денгизи бўйлаб экологик, гастрономик ва тиббий-соғломлаштириш туризмига қизиқиш билдириб келаётган сайёҳлар орасида қўшни давлатлар фуқаролари ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда. Жумладан, Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидан ташриф буюраётган туристлар шулар сирасига киради.

Туризм қўмитаси маълумотига кўра, Қозоғистон Республикаси Ақтўбе шаҳрида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ўтказилди. Унда икки мамлакат туризм соҳасининг 40 нафардан ортиқ вакиллари иштирок этди. Тадбир Туризм қўмитаси, Ўзбекистоннинг Остона шаҳридаги элчихонаси ва Оқтов шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Учрашув иштирокчиларига Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ва маданий-тарихий мероси ҳақида тақдимот ўтказилди. Шунингдек, Ақтўбе вилояти сайёҳлик компаниялари вакиллари Ўзбекистоннинг сайёҳлик марказлари, ноёб йўналишлари, транспорт-логистика имкониятлари ҳамда мамлакатдаги машҳур туризм турлари билан яқиндан танишиб чиқдилар.

Қозоғистонлик туроператорлар, ушбу мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга сайёҳлик сафарларини ташкил этишга катта қизиқиш билдирди.

Учрашув иштирокчиларининг фикрича, Ўзбекистон бутун Қозоғистондан сайёҳларни жалб этиш учун ўзига хос имкониятларга эга.

А.РУСТАМОВ, ЎзА