Ўз уй-жойига эга бўлиш – ўзбек халқи учун энг муҳим ҳаётий масалалардан бири. Бу борада юртимизда уй-жой қурилишига катта эътибор қаратилиб, минглаб оилалар ўз уйига эга бўлмоқда. Жумладан, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар уй-жой билан таъминлаб келинмоқда.
Аммо айрим ҳолларда янги қурилаётган уй-жойларни сотиб олишда харидорлар алдовларга, турли фирибгарликларга дуч келаётгани ҳам сир эмас. Яъни, ҳали қурилиши бошланмаган уй-жойлар учун шартнома тузиб, пулларини тўлашяпти, лекин уйдан дарак бўлмаётгани тез-тез учраётган ҳолатдир.
Шунинг учун давлатимиз раҳбари томонидан уй-жой сотиб олиш учун эскроу ҳисобларининг кафолатланган янги тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди. Ушбу тизимнинг ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Бу ҳақда Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, иқтисод фанлари номзоди Улуғбек Вафоев батафсил маълумот берди:
– Мамлакатимизда қурилиш соҳаси ривожига катта аҳамият берилмоқда. Охирги етти йил ичида юртимизда қарийб 100 миллиард долларлик қурилиш ишлари амалга оширилди. Ушбу соҳадаги ишлар ҳажми йилига ўртача 7-8 фоизга ошиб бормоқда. Шу вақт ичида қурилиш материаллари саноатига 9 миллиард доллар сармоя киритилиб, 5 мингга яқин янги корхона ишга туширилди, 94 минг доимий иш ўрни яратилди.
Бироқ соҳада эришилаётган ютуқлар билан бир қаторда, айрим муаммолар ҳам мавжуд. Охирги вақтларда оммавий ахборот воситаларида янги қурилаётган уй-жойлар сотувида харидорларни алдаш ҳолатлари бўйича хабарлар тез-тез учраб турибди. Фуқаролар айрим нопок қурилиш корхоналарининг ёлғон ваъдаларига ишониб, ҳали қурилиши бошланмаган уй-жойлар учун шартнома тузиб, олдиндан катта миқдордаги маблағларини уларга ишониб бериб қўймоқда. Натижада қурилиш корхоналари томонидан пулларни мақсадсиз сарфлаш, талон-торож қилиш ёки уларнинг банкротга учраши оқибатида ишонувчан фуқаролар маблағларидан ажралиб қолишмоқда. Энг ачинарлиси, фуқароларнинг бу пулларини қурилиш корхоналаридан ундириб олишнинг деярли имконияти мавжуд эмас.
Шу боис, давлатимиз раҳбари томонидан уй-жой сотиб олиш учун эскроу ҳисобларининг кафолатланган янги тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Бунда банклар уй-жойни ўз вақтида ва сифатли қуриш ва уни эгасига топширишни кафолатлаб, қурувчи ва харидор ўртасида воситачи ва кафил вазифасини бажаради. Мазкур йўналишда яъни, эскроу ҳисоб-рақамлар тизимини жорий этиш бўйича мамлакатимизда дастлабки қадамлар қўйилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳрида, шунингдек, Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт ва Сергели туманларида ушбу тизим синовдан ўтказилмоқда. Шубҳасиз, эскроу ҳисоб-рақамлар тизимининг жорий этилиши фуқароларнинг уй-жой қурилишидаги иштирокини янада хавфсиз ва ишончли қилади.
Фикримизча, бугунги кунда янги қурилаётган уй-жойлар сотувида эскроу ҳисоб-рақамлар тизимининг самарали ишлаши учун мамлакатимиз қонунчилигида етарли асослар мавжуд эмас. Шунинг учун мазкур йўналишда алоҳида қонун қабул қилиниши мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида турар жойларни қуришда жалб қилинган аҳоли маблағларини ҳимоя қилиш кафолатларини яратиш мақсадида эскроу тўлов тизимини жорий этишни назарда тутувчи қонунни қабул қилиш вазифаси белгиланган. Ушбу вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳи ва экспертларимиз томонидан «Уй-жой қурилишида фуқароларнинг ҳиссадорлик иштирокини тартибга солиш ва уларнинг молиявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, бугунги кунда мутахассислар томонидан муҳокама қилинмоқда. Мазкур қонуннинг мақсади уй-жой қурилишида фуқароларнинг ҳиссадорлик иштирокини тартибга солиш, ҳиссадорларнинг молиявий хавфсизлигини таъминлаш, қурилиш соҳасида давлат назоратини кучайтириш, қурилиш жараёнида шаффофлик ва ишончлиликни ошириш, қурувчиларнинг масъулиятини кучайтириш ва уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашдан иборатдир.
Қонун лойиҳаси тайёрланиши жараёнида бир қатор хорижий давлатлар қонунчилиги ўрганиб чиқилди. Жумладан, Россия, Германия, АҚШ, Канада ва Хитой давлатларида уй-жой қурилишида иштирок этувчи фуқароларнинг молиявий ҳимоясини таъминлаш бўйича қонунчилигидаги асосий механизмлар таҳлил қилинди. Масалан, Россия қонунчилигига кўра, ҳиссадорлар маблағлари махсус эскроу ҳисоб-рақамларда сақланади. Қурилиш тугагандан сўнг қурувчига маблағлар ўтказилади. Агар қурувчи банкрот бўлса, маблағлар ҳиссадорларга қайтарилади. Давлат компенсация жамғармаси ҳиссадорларнинг молиявий хавфларини қоплаш учун яратилган. Қурилиш тугалланмаган тақдирда ҳиссадорларга компенсация берилади.
Германия қонунчилигига кўра эса қурувчилар қурилишни бошлашдан олдин банк кафолати тақдим қилади. Кафолат ҳиссадорлар маблағларини ҳимоя қилади. Босқичма-босқич тўловлар қурилиш босқичлари якунига кўра тўланади. Мустақил экспертлар қурилиш сифатини назорат қилади. Суғурта тизими қурилишдаги барча молиявий хатарларни суғурта қилади.
Бу каби хорижий тажрибаларни таҳлил қилиш Ўзбекистон қонунчилигини такомиллаштириш учун муҳим сабоқлар беради ва қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишида қуйидаги асосий йўналишларга эътибор қаратилди: эскроу ҳисоб-рақамлар тизимини яратиш, давлат компенсация жамғармасини ташкил этиш, қурувчиларнинг молиявий барқарорлиги ва лицензиялаш тизимини кучайтириш, қурилиш жараёнида ахборот шаффофлигини таъминлаш, суғурта тизимини мажбурий тартибда жорий қилиш, давлат томонидан назорат ва аудитни кучайтириш.
Фикримизча, «Уй-жой қурилишида фуқароларнинг ҳиссадорлик иштирокини тартибга солиш ва уларнинг молиявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий қилинаётган уй-жой сотиб олиш учун эскроу ҳисобларининг кафолатланган янги тизими учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиб беради. Фуқароларнинг молиявий хавфсизлигини таъминлаш ва қурилиш жараёнининг шаффофлигини оширишга хизмат қилади.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди.