Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани ҳокими В.Ниязимбетов раҳбарлигида секторлар, бир гуруҳ тегишли масъул корхона ва ташкилотлар раҳбарлари энг олис ҳудуд “Чуқурқоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди.
Тадбирдан мақсад маҳаллада яшовчи аҳоли муаммоларини ўрганиш, шунингдек, янги йил байрами олдидан улар кайфиятини янада кўтаришдан иборат. Очиқ мулоқот чоғида чекка маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи одамларнинг ҳар бирнинг ҳаётдан мамнунлигини, бугунги кунга шукроналик билан яшаётганини англаш қийин эмас.
Учрашув юқори кайфиятда ўтказилди. Мурожаатлар сектор раҳбарлари назаридан четда қолмади. Учрашув якунида ҳудуддаги умумтаълим мактабнинг фаол ўқитувчиларга эсдалик совғалар, ўқувчиларга эса китоблар, ўқув қуроллари ва спорт анжомлари топширилди.
Сўнгги йилларда Чуқурқоқ маҳалласида кўпгина ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, бозор ярмаркаси доимий ташкил қилиниб келинмоқда. Ҳудуддаги кам таъминланган 6 та оилага, мактабгача таълим муассасасига, овул шифокорлик пунктига қуёш панели ўрнатиб берилди. Элликқалъа тумани марказига бориб келиш муаммоси ҳал этилиб, ҳафтасига бир марта автобус қатнови йўлга қўйилди.
Шунингдек, болалар учун янги “Workout” майдончаси қуриб битказилди. Сувни фильтрловчи ЭКОСнинг 3 дона двигатели таъмирланди. Кадастри йўқ бўлган хонадон эгаларига ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ички йўлларни таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, фуқаролар мурожаати асосида янги мактаб фойдаланишга топширилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида умумтаълим мактаби олдида бўш турган ер майдонига яхши ниятлар билан мевали ва манзарали кўчатлар экилди. Шунингдек, сектор раҳбарлари ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектларининг қиш мавсумига тайёргарлигини кўздан кечирди.
Маҳалла фуқаролар йиғинида арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкил қилиниб, аҳоли эҳтиёжи учун зарур мактаб кийимлари, озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш имконияти яратилди. Тижорат банклари томонидан янада қулайлик яратиш мақсадида кекса ёшдаги аҳолининг пенсия пуллари тарқатилди. Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси тажрибали шифокорлари томонидан чекка ҳудуд аҳолиси учун тиббий кўрик ташкил қилинди.
Албатта, ўзларига кўрсатилаётган бундай эътибордан Чуқурқоқ маҳалласида истиқомат қилаётганларнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилди. Эзгуликка йўғрилган мазкур тадбирлар жамиятимизда меҳр-оқибат, одамийлик каби фазилатларни янада кучайтириши билан бирга барчани савоб ишлар сари ундамоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.