Тиббий ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, бемор ўғил-қизларни соғайишига кўмаклашиш, шунингдек, жамиятда инсонпарварлик туйғусини шакллантиришга қаратилган мазкур хайрли акцияда “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳар доим фаол иштирок этади.
Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш марказида ташкил этилган акцияда турли ташкилот ходимлари, депутатлар, ҳарбийлар ва кўплаб кўнгилли юртдошларимиз ҳам бемор болалар ҳаётини сақлаш учун донорлик қонини топширишди.
Таъкидланганидек, донорлик – шарафли ёрдам, савоб ва хайрли ишдир. Баъзида кимнингдир бир томчи қон – яна бир янги ҳаётни англатади. Шунингдек, фавқулодда жароҳат олган одамлар, айниқса, жажжи болажонлар кўп қон йўқотиши натижасида уларнинг ҳаёти қил устида бўлиб қолади. Шундай вазиятларда донорларнинг беминнат ёрдамига таянилади. Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан мана саккиз йилдирки “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида бутун республика бўйлаб беғараз донорлик акцияси ўтказиб келинмоқда.
Маълумот учун ўтган йилларда партия ташаббуси билан ўтказилган акцияларда республика миқёсида жами 30 минг нафарга яқин кўнгилли донор иштирок этган. Натижада ушбу ҳаёт томчилари орқали 37 минг нафарга яқин қонга муҳтож болажонлар ҳаёти сақланиб қолинган.
– Бугунги кунда нафақат дунё тиббиётида, балки мамлакатимизда ҳам қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигига бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш маркази шифокори Жадира Габбарова. – Ҳар куни минглаб инсонлар донорлар қонига муҳтож бўлади. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Қон қуйишга муҳтож бўлиб қолган ҳар бир одамнинг алоҳида қон гуруҳи ва резус фактори борлигини инобатга олганда, унга фақатгина шу гуруҳ ва фактордаги қон қуйилиши керак. Шу сабаб эндиликда юртимизда донорларни қўллаб-қувватлаш янада кенгайтирилади.
Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони олган фуқароларга бериладиган пул мукофоти 2025 йилнинг январь ойидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 15 бараваригача оширилади. Уларга жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилиб, давлат сиҳатгоҳларида даволаниш навбатсиз бўлади.
Ушбу акция нафақат Нукус шаҳрида, балки республиканинг барча ҳудудий қон қуйиш марказларида ҳам ташкил этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА