Нукус шаҳридаги “Мурувват” ногиронлиги бор аёллар интернат уйида “Давлат байроғи қабул қилинган кун” ҳамда “Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш куни” муносабати билан тадбир ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси масъул ходимлари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, байроғимиз юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро тотувлик, биз эришаётган ютуқлар ва келажакка бўлган мустаҳкам ишонч рамзи сифатида қалбимизга туганмас ифтихор бағишлайди. Шунинг учун ҳам давлат рамзлари, шу жумладан, байроқ ҳар биримиз учун муқаддасдир.

Халқаро  ва алоҳида давлатлар даражасида олиб борилаётган аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши кураш ва унинг олдини олиш глобал миқёсда инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлашнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Тадбир давомида ҳар бир аёл тазйиқларсиз бахтли ҳаёт кечиришга ҳақли эканлиги, уларга нисбатан зўравонлик учун қонунчиликда жазо чоралари белгиланганлиги тушунтирилди.

Тадбир якунида масъуллар бу ерда тарбияланувчи аёлларнинг қўл меҳнати асосида яратилган санъат асари даражасидаги ижод намуналари билан танишди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири