20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллашга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.
Дарҳақиқат, кейинги уч кун мобайнида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари, кенг жамоатчилик билан мамлакатимизнинг бугунги ва эртанги тараққиёти ҳақида атрофлича фикр алмашилди.
Муҳокама қилинган барча ташаббус ва режаларни, уларда илгари сурилган ғоя, мақсад ва вазифаларни, моҳиятига кўра, Олий Мажлис ва халқимизга давлатимиз раҳбарининг навбатдаги Мурожаатномаси дейиш мумкин.
– Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи ялпи мажлиси, ундан олдинги санада эса Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлиси бўлиб ўтди, – дейди Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Маҳмуд Тоир. – Бугун ҳам тарихий анжуманнинг гувоҳи бўлдик. Давлатимиз раҳбарининг бу учрашувлардаги нутқларини тинглаб, биз, сенаторлар ҳам зиммамиздаги масъулият нечоғлик муҳим эканини янада теранроқ ҳис қиляпмиз. Бу сўзлар ҳар бир халқ вакилини Ватанга муҳаббатни намоён қилиш, бор неъматларни эъзозлай билиш, уни келажак авлодларга бус-бутун етказиш йўлида фаол ҳаракат қилишга ундайди.
Президентимиз 2025 йилни юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилишни таклиф қилди. Бу ташаббусни барча мамнуният билан қўллаб-қувватлади. Табиат сўзига ҳамиша она сўзини қўшиб айтамиз. Халқимиз атрофда, борлиқда мавжуд нарсаларни асрашга интилади. Йилга бундай ном берилгани ана шу қадриятларимизга мос бўлди. Эл-юртимизнинг фикр-мулоҳазалари, хоҳиш-истакларини атрофлича ўрганиб бу қарорга келинди, деб ўйлайман.
Энди табиатни асрашга қаратилган ишлар, “яшил” иқтисодиётга ўтиш борасидаги ҳаракатларимиз янги босқичга кўтарилади. Бу борада барчамиз бир ёқадан бош чиқаришимиз, ислоҳотларга камарбаста бўлишимиз керак.
ЎзА мухбири Икром АВВАЛБОЕВ ёзиб олди.