БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP29)да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги парламент делегацияси иштирок этди.

Конференция доирасида иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ва уларга мослашув жараёнларини молиялаштириш масалалари муҳокамасига бағишланган қатор форумлар ташкил этилди.

Т.Норбоева форумда чиқиш қилиб, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида қатор ташаббуслар илгари сурилаётгани, дунё ҳамжамиятини бир бўлишга чорловчи халқаро таклифлар билдирилганини қайд этди. Буни амалда рўёбга чиқариш зарурлиги ва бугунги кунда бу муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Мамлакатимиз 2023 йилда иқлим ўзгаришларига мослашув жараёнларини молиялаштириш йўналишида МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб тарихий қадам ташлади ва 331 миллион долларлик “яшил” суверен халқаро облигацияларни Лондон фонд биржасида жойлаштирди.

Ўзбекистон ўзининг географик жойлашуви туфайли денгизга чиқиш имконияти йўқ давлат ҳисобланишини эътиборга олиб, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев СОР29 саммитидаги нутқида денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар учун юртимизда БМТнинг инновацион агросаноат хабини яратиш ташаббусини илгари сурди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон иқлим муаммоларига қарши курашиш ва минтақанинг экологик барқарорлигини таъминлаш мақсадида бир қатор муҳим минтақавий ва глобал ташаббуслар билан чиқмоқда.

Жумладан, экологик муаммоларнинг минтақавий ва трансчегаравий хусусиятини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан илгари сурилган “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси жорий йилда қабул қилинди.

Форумда иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш ва янги ташаббусларни амалиётга кенг жорий этишда парламентлар даражасида ҳамкорлик кенг истиқболга эга эканлиги эътироф этилди.

Ўз навбатида, ҳозирги таҳликали ва глобал экологик муаммолар авж олаётган замонда ушбу вазифаларни амалга оширишда Парламентлараро иттифоқнинг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда ортиб бораётгани қайд этилди.

Т.Норбоева ўз нутқида бу йўналишда барча парламентлар қонунчилик соҳасида ўзаро тажриба алмашишлари муҳим аҳамият касб этиши, парламентларнинг илмий-тадқиқот институтлари, марказлари, ёшлар парламентлари ўртасида мунтазам ҳамкорликни таъминлаш зарур эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, биргаликда тадқиқотлар ўтказиш, илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш ва ҳукуматларга тақдим этиш амалиётини кенг жорий этиш мақсадга мувофиқ эканлиги билдирилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА